Ссылки доступа

АҚШ разведкаси: Россия COVID тўғрисида нотўғри ахборот тарқатмоқда


Россия разведка хизматлари коронавирус пандемияси билан боғлиқ сохта хабарлар тарқатиш учун бир неча инглиз тилидаги сайтлардан фойдаланмоқда.

Бу ҳақда Америка разведкасига таяниб Америка ОАВ, жумладан, The New York Times ва Associated Press хабар бермоқда.

Ҳисоботга кўра, россия ҳарбий разведкаси (Бош штабнинг бош бошқармаси, ГРУ номи билан машҳур) камида учта сайтдан фойдаланган - InfoRos.ru, Infobrics.org ва OneWorld.press – 150 дан зиёд мақолалар чоп этилган бўлиб, уларда фитна назариялари, хусусан, коронавирус биологик қурол сифатида Америка ҳарбий лабораториясида яратилгани борасидаги хитойча иддаолар тарғиб қилинади. Уларда шунингдек, масалан, АҚШга етказиб берилган тиббий жиҳозлар “икки мамлакат муносабатларида янги саҳифалар очади” қабилидаги шарҳлар пайдо бўлади.

Америка ОАВ иқтибос келтирган ҳужжатда мазкур материалларнинг чоп этилишини ташкиллаштирган Денис Тюрин ва Александр Старунскийлар номлари эсга олинади. Улар, Америка разведка хизматларига кўра, Россия ҳарбий разведкаси билан алоқадор.

InfoRos.ru сайти, материалда қайд этилишича, Россия ҳукуматига тегишли (у хусусий шахс номига расмийлаштирилган, унинг эгаси ўлароқ шу номдаги ахборот агентлиги кўрсатилган), бошқа иккита сайт расман мустақил ахборот портали саналади. New York Times газетасининг АҚШ разведка хизматларидаги манбасига таяниб хабар қилишича, Федерал қидирув бюроси яна бир интернет нашри Strategic Culture Foundation нинг Россия ташқи разведка хизмати билан алоқасини текширмоқда. Майда унинг сайтида Барак Обама администрациясида ишлаган, Кремль шаънига ўзининг танқидий баёнотлари билан танилган Эвелин Фаркас тўғрисида ўта кескин руҳдаги мақола пайдо бўлди. Июнда Фаркас Конгрессдаги ўринлар учун Демократик партия ичида ўтказилган бошланғич сайловларда мағлубиятга учради.

InfoRos.ru сайти ўзининг Россия разведкаси билан алоқалари тўғрисидаги айбловларни “ёлғон” деб атади, сохта хабарларни эмас, турли “фикрлар”ни чоп этганини баён қилди.

Пандемия муносабати билан Россиядан ва камроқ даражада Хитойдан тарқалаётган сохта хабарлар тўғрисида аввалроқ Европа Иттифоқининг ваколатли тузилмалари ҳам баёнот тарқатишганди.

XS
SM
MD
LG