Ссылки доступа

Тожикистонда эркакни аёлга тегажоқлик қилгани учун биринчи марта жаримага тортишди


Душанбе суди 30 ёшли Қосим Оевни аёлга тегажоқлик қилгани учун 406 сомоний (40 доллар) миқдорида жаримага тортди, деб хабар беради ИИВнинг пойтахт бошқармаси.

Бу Тожикистонда тегажоқлик учун биринчи жазолаш ҳолати. Бу мамлакат аёллари сўнгги бир неча йилдан бери расмийлардан ўзларини ҳақоротловчи хушомад ва эркакларнинг шилқимликларидан ҳимоя қилишни сўрашаётган эди.

Ҳодиса шу йилнинг 12 июлида юз берди. Аёлнинг фейсбукда ҳикоя қилишича, йўл четида такси кутиб турганида унинг ёнига ёш йигит Mercedes-Benz автомобилида келиб шилқимлик қила бошлаган. У аёлга интим алоқа учун 100 доллар таклиф этади, бунга жавобан аёл машина тарафга "Кока-Колы" идишини улоқтиради, шундан кейин эркак унинг онасидан келиб ҳақоратлайди.

"Нега эркаклар ўзини шундай тутади? Уларнинг синглиси йўқми? Оналари йўқми? Хотинлари йўқми? Ёки қизлари йўқми? Мен бу ярамасларнинг жазоланишларини истайман, – деб ёзди у.– Бирор бир аҳлоқсиз менга, нафақат менга, балки бутун аёлларга бундай гапиришга ҳаққи йўқ!"

Милиция ходимлари Қосим Оевни 28 июль куни қўлга олишди. Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, Оевга майда безорилиги учун маъмурий протокол тузишди.

Икки йил муқаддам Душанбелик аёллар пойтахт мэри, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Эмомалига мурожаат қилиб, уларни тегажоқликдан ҳимоя қилиш ва бундай эркакларни жазолашни талаб қилиб чиқишганди. Эркакларнинг ўзи эса ҳеч кимни ҳақоратлаш ниятида эмасликларини, улар қизлар билан шундай танишишга уринишларини, бунинг учун уларни жавобгарликка тортиш мумкин эмаслигини айтишди.

Мэриядан ўшанда муаммони ечишга ваъда беришган, аммо ҳанузгача қабул қилинган чоралар ёки шилқимлик учун эркакларни жазолаш ҳақида ҳеч нарса хабар қилинмаган. Тожик юристларининг ишора қилишича, “Тегажоқлик” алоҳида моддасини жорий этиш зарурати йўқ. Улар фикрича, Жиноят кодексида бу ҳолатларни қоплайдиган безорилик ва майда безорилик ҳақидаги моддалар бор.

XS
SM
MD
LG