Ссылки доступа

Тошкентлик блогер: ДХХга чақиртирилишим тармоққа қўйган постим билан боғлиқ


Тошкентлик блогер Миразиз Бозоров Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) терговчиси 27 июлда имзолаган чақирув қоғози билан ўша кун, соат 16.00 га терговга чақиртирилди.

Блогернинг айтишича, ДХХга чақиртирилиши, унинг Халқаро валюта жамғармаси ва Осиё тараққиёт банки раҳбариятига Ўзбекистонга ажратилаётган кредитларни, улардан фойдаланиш устидан назоратни таъминламай туриб, бермаслик сўралган пости ортидан юз берган.

Кейинги кунларда Ўзбекистонда блогерлар ва журналистларга босимлар кучайиб бораётгани кузатилмоқда. Баъзи ҳолатларга Бош прокуратура ҳам эътибор қаратди.

- Постни мен жума куни эълон қилдим ва душанба куни (27 июль) эрталаб менга қўнғироқ қилиб, ДХХ га чақиришди. Мен расмий чақирув жўнатишларини сўрадим. Кундуз соат 3.30 да топшириб кетишибди онамга чақирувни. Унда ярим соатдан кейин, яъни соат 16.00 да ДХХ да бўлишим кераклиги ёзилган, - деди Миразиз Бозоров.

Шундан сўнг блогер чақирув қоғозида қайд этилган телефонга ҳамда ўша куни эрталаб қўнғироқ келган телефонга қўнғироқ қилишга уринган, бироқ боғланолмаган.

Эртаси, 28 июлда блогер адвокати билан эрталаб соат 11.30 да ДХХ га боради. Бинонинг кираверишидаги “қоровулхонада” бир соатча кутишади. Сўнг ўша ерда турган қуролли мулозим терговчи блогер билан адвокатсиз гаплашмоқчи эканлигини айтади. Бу гапга блогер Миразиз Бозоров кўнмайди. Шундан сўнг у ва адвокатнинг тана ҳароратини ўлчашади. Блогернинг ҳарорати 35,7, адвокатники 37.0 чиқади.

ДХХ терговчиси блогер Миразиз Бозоровга юборган чақирув қоғлзи. Сурат блогернинг Телеграм каналидан олинди.

Яна бироздан сўнг “қоровулхонада”ги қуролли мулозим уларга ҳужжатларини қайтариб бериб, терговчи блогер ва унинг адвокати кетаверишлари мумкинлигини, Миразизни сўроқ қилиш у олиб бораётган иш учун муҳим эмаслигини, бошқа куни келишлари ёки телефон орқали боғланишлари мумкинлигини айтганини билдиради.

Блогер Миразиз Бозоровнинг ўзи ДХХга чақиртирилишини ўтган ҳафта охирида Фейсбукда эълон қилган постларидан бошқа бирон воқеа билан боғлай олмади. Бозоров яна бундай деди:

- Постни эълон қилганимдан кейин якшанба оқшомидан бошлаб онамнинг телефонига номаълум шахслар қўнғироқ қила бошлади. Душанба эрталабдан ўзимга шубҳали қўнғироқлар келишни бошлади. Мен жавоб бермадим ва шундан кейин терговчи телефон қилди. Кейин телефоним билан тушунарсиз воқеалар содир бўла бошлади, охир-оқибат Интернетдан ҳам узиб қўйишди.

Блогернинг айтишича, терговчи унга жиноят иши очилди ва шунинг учун сиз гувоҳ сифатида келишингиз керак деган. Бироқ қандай жиноят иши эканлигини айтмаган.

Блогер Миразиз Бозоров Фейсбукда эълон қилган постларида Халқаро валюта жамғармаси ва Осиё тараққиёт банки раҳбариятига Ўзбекистонга ажратилаётган кредитларни, улардан фойдаланиш устидан назоратни таъминламай туриб, бермасликни сўраган.

Блогерларнинг фаолияти билан боғлиқ юзага келган вазиятни шарҳлар экан, фарғоналик блогер Баҳодирхон Элибоев у ёки бу ҳудудда "блогерларнинг бирров суҳбатга" чақириб турилишини сўз эркинлиги рандаланаётганига ўхшатаркан, деди:

"Андижондан Қорақалпоғистонгача ҳар бир вилоятда суҳбатга чақирилган кимнидир топиш мумкин. Давлат фуқаровий жамиятга интилаётган халққа ҳар замонда борлигини билдиришга уринмоқда. Қўрқитиб туриш керак деб ҳисоблаяпти шекилли. Бундай пайтда бошқача механизм ишлаб чиқиш кераклигини, энди таҳдид билан бошқариш усули анча эскирган ва самарасиз усул эканлигини айтмоқчиман. Куч ишлатар тизимлар блогерларни назоратда ушлашдан кўра, ҳамкорлик усулида ишласалар, жамият анча тозаланарди. Дейлик, блогер бир муттаҳам ҳақида ёзса, кучишлатар тизим ўга муттаҳамни суҳбатга чақириши керак. Лекин ҳозирча бизникилар блогернинг ўзини суҳбатга чақирмоқда".

XS
SM
MD
LG