Ссылки доступа

Қирғизистонда – коронавирус қурбонлари хотирасига мотам куни


Қирғизистонда бугун COVID-19 қурбонига айланган фуқаролар хотирасига миллий мотам куни.

Бутун республика ҳудудида, шунингдек, Қирғизистоннинг дипломатик ва консуллик ваколатхоналари биноларида давлат байроқлари туширилган. Маданият муассасалари ва мамлакат телерадиокомпанияларига мотам куни кўнгилочар тадбирлар ва кўрсатувларни бекор қилиш тавсия этилган.

Фуқароларга республика президенти Сооранбай Жээнбеков мурожаат билан чиқди. "Фуқароларимиз ҳаёти учун, халқимиз саломатлиги учун кураш ҳали тугамади. Бу ҳужум бизнинг барчамиз бардошимиз учун мураккаб синов бўлди. Касалликка қарши қарши кураш, аҳоли соғлиғини сақлаш ва ҳимоя қилиш - бу умуммиллий кураш. Бирлик кучи, биргаликда изга қўйилган йўл ва уюшқоқлик билан биз албатта бу касалликни енгамиз!" – деди у.

Эпидемия вақтида давлат раҳбари номига кўпинча танқид янгради. Мамлакатда оғир вазият қарор топди: хорижий ёрдам талон-тарож бўлди, расмийлар тиббиётчиларни керакли ҳимоя воситалари билан таъминлай олмади. Июнь охирида Қирғизистондаги эпидемиологик вазият кескинлашди, мамлакатда ҳар куни коронавируснинг 500-700 та ҳолатини аниқлай бошлашди. Касалхоналар тўлиб кетди, “тез ёрдам”лар беморларни стационарларга ташишб улгурмади. Мамлакатдаги шифохоналар қашшоқлиги вазиятни мураккаблаштирди: кўплаб тиббиёт пунктларида МРТ аппаратлари тугул ташхис қўйиш учун ҳатто рентген аппаратлари ҳам йўқ эди.

Республикада беморларни даволаш учун ҳозир тиббиёт олий ўқув юртлари ўқитувчилари, ординаторлар ва интернлар жалб этилган. Уларга кўнгиллилар ёрдам кўрсатмоқда. Спорт ва саноат объектлари, новвойхоналар, масжидлар, санаторийлар, ресторан ва меҳмонхоналар стационар ва карантин муассасаларига айлантирилди.

30 июль эрталаб ҳолатига кўра, Қирғизистонда бир суткада коронавирус юқиши ва пневмониядан касалланишнинг 631 та ҳолати қайд этилди, уларнинг умумий сони 35143 тага етди. Бир кунда коронавирус инфекциясидан 17 киши вафот этди. Зотилжам билан қўшиб ҳисоблаганда коронавирус қурбонларининг умумий сони 1364 га етди.

13 июлда қўшни Қозоғистонда мотам куни бўлди. У ерда ҳам эпидемия назоратдан чиқиб кетди: мотам арафасида мамлакатда коронавирус инфекцияси билан оғриганлар сони 60 минг кишига яқинлашди.

XS
SM
MD
LG