Ссылки доступа

Т.Исмаилова: Қирғиз томони Асқаровнинг жасадини Ўзбекистонга олиб чиқиб кетишга рухсат бермаяпти


Қирғизистон томони қамоқхонада вафот этган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг жасадини Ўзбекистонга олиб чиқиб кетишга ҳали ҳам рухсат бергани йўқ.

Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига “Бир дуйно - Қирғизистон” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Тўлақан Исмаилова маълум қилган.

Унга кўра, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонасига нота жўнатиши лозим эди.

“Нота юборилишини кераклиги ҳақида бутун дунё ёзиб бўлди. Аммо Ташқи ишлар вазирлиги жим турибди. Ўзбекистон элчихонаси илк кунданоқ Асқаровнинг рафиқасига реанимобиль ажратишга ва чегарадан ўтгандан кейин кузатиб боришга тайёрлигини билдирган. Қирғиз томонидан ҳали ҳам жавоб йўқ. Кутяпмиз. Асқаровнинг рафиқаси яқинда инфарктга чалиниши мумкин бунақада”, деган Т. Исмаилова.

Озодликнинг қирғиз хизмати бу борада изоҳ сўраб ТИВга 28 ва 29 июль кунлари мурожаат қилган, бироқ жавоб ололган эмас. Вазирлик матбуот котиби Уланбек Дийқанбаев Асқаровнинг фарзандлари, агар улар Қирғизистон ватандоши бўлсалар, ТИВнинг Консуллик хизмати департаментига, агар Ўзбекистон ватандоши бўлсалар, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилишлари зурарлигини қайд этган.

Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 69 ёшли ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 25 июль куни 47-колонияда вафот этган. Жазони ўташ давлат хизмати у 24 июль куни “ўнг томон пневмонияси” ташхиси билан 19-колониядан олиб келинганини маълум қилган.

Ҳуқуқ фаолининг вафотидан сўнг қатор халқаро ташкилотлар Қирғизистон расмийлари номига танқидий фикрлар билдириб, Асқаровнинг ўлими билан боғлиқ вазият юзасидан суриштирув ўтказишга чақирган.

Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида яшаб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган. 2010 йил июнь воқеаларидан кейин у тартибсизликларни уюштирганлик ва милиция ходимининг ўлдирилишида иштирок этганликда гумонланиб, қўлга олинган. Барча суд инстанциялари қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

XS
SM
MD
LG