Ссылки доступа

Тожикистонда пандемия шароитида бюджет ходимлари маошлари ва пенсиялар оширилади


Файзиддин Каххорзода
Файзиддин Каххорзода

Коронавирус пандемияси шароитида Тожикистон бюджет тақчиллигига учраб турган бир шароитда, ҳукумат 1 сентябрь, президентлик сайловлари арафасида бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, шунингдек, пенсия ва стипендияларни 15 фоизга оширишга қарор қилди.

Мамлакатда президентлик сайловлари жорий йилнинг ноябрида ўтказилиши кутилмоқда.
Айрим ташкилотлар ходимларининг айтишича, пандемия вақтида бозорларда озиқ-овқат нархларининг ўсиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас ва шунинг учун маошларнинг оширилиши борасидаги қарор тўғри қарор ҳисобланади.

Тожикистон молия вазири Файзиддин Каххорзоданинг 29 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида айтишича, иш ҳақи, стипендия ва пенсияларнинг оширилиши тўғрисидаги фармон лойиҳаси тайёрлаб бўлинган ва у жорий йилнинг 1 сентябридан кучга киришига кўрсатма бор.

«Президентнинг Фармони лойиҳаси мазмуни келишиб олиш учун биз томонимиздан профиль вазирликларга жўнатилди. Пандемия ва шу сабабли юзага келган молиявий қийинчиликларга қарамай, биз маошлар ва пенсияларни ошириш имкониятини топдик», - дейди молия вазири, бироқ қандай маблағлар ҳисобига тўловлар амалга оширилишини айтмади.

Охирги марта маош ва пенсиялар икки йил оширилган – 2018 йилнинг сентябрида ҳам улар 15 фоизга оширилган эди.
Аммо бюджет ташкилотларининг айрим ходимлари COVID-19 шароитида иш ҳақларининг бундай оширилиши сезилмас, деб ҳисоблайди. Восей туманидан бўлган ўқитувчи Ражабали Шайховнинг айтишича, унинг маошининг арзимас даражада оширилиши оиласи учун деярли сезилмайди. «Агар иш ҳақининг бир минг сомоний бўлса, у 150 сомоний (15 долларга) кўпаяди, холос. Бир қоп ун эса ҳозир 230-240 сомоний туради», - дейди у.

Бюджет соҳаси ходимларининг аксарияти уларнинг реал даромадлари иш ҳақига боғлиқ эмаслигини айтишади. Улар одатда ишдан ташқари ишлар орқали пул топишади ёки чорвачилик ёки томорқачилик билан шуғулланишади. Душанбелик Нуриддин Норовнинг гапиришича, унинг кун кўришига меҳнат миграциясига чиқиб кетган фарзандлари ёрдамлашади.

Президент ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар Маркази мутахассиси Умед Давлатов иш ҳақи ва пенсиялар оширилиши борасидаги қарорга изоҳ берар экан, ҳақиқатда энг зарурий озиқ-овқат нархлари йил бошида бир неча марта ошганини айтди, бироқ «бу фармон кутилмаган бўлган ва афтидан коронавирус пандемияси сабабли мамлакат аҳолисининг тушкунликка тушиб қолиши муносабати билан ишлаб чиқилган».
Тожикистонда энг кам иш ҳақи даражаси 400 сомонийни, бюджет ходимларининг ўртача даражаси эса 1 минг сомоний ташкил этади.

XS
SM
MD
LG