Ссылки доступа

Туркияда ижтимоий тармоқларга материалларни расмийлар сўрови бўйича 2 кунда ўчириш мажбуриятини қўйишди


Туркия парламенти 29 июль куни ижтимоий тармоқларни тартибга солиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади: уни президент Ражаб Эрдўғон бошчилик қиладиган ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси ҳамда унинг иттифоқчиси, ўта ўнг қанот Миллатчи ҳаракат партияси илгари сурди.

Қонун Туркиядаги хорижий ижтимоий тармоқларни қуйидаги масалалар бўйича мажбур қилади:

  • 48 соат мобайнида расмийлар сўрови бўйича материалларни ўчириш;
  • Туркиядаги фойдаланувчилар тўғрисидаги маълумотларни фақат мамлакат ичкарисидаги серверларда сақлаш;
  • Туркияда ижтимоий тармоқларда 1 миллиондан ортиқ турк фуқаролари бўлса, тармоқлар Туркияда ўз вакилларига эга бўлиши керак. Бу киши билан алоқа ўрнатишга имкон берадиган алоқа ахбороти веб-сайтнинг кўринадиган жойига жойлаштирилиши лозим.

Расмийларнинг талабларини бажармаслик ижтимоий тармоқларга йирик пул жарималарига (10 млн турк лираси ёки 1,5 млн доллар) тортилиш, рекламани блоклаш ёки интернет провайдерлар каналларининг ўтиш имкониятининг қисқариш хавфини юзага келтиради. Илгари Туркияда ижтимоий тармоқлар иши қоидаларини бузганлик учун жарималар 100 минг турк лираси, яъни 10 баробар камроқни ташкил этарди.

Интернетда Эрдўғон оила аъзолари ва унинг бир неча сафдошлари ҳақорат қилингандан кейин ҳукмрон партия вакиллари парламентга қонун лойиҳасини киритишган эди. Қонун қабул қилиш зарурияти аксилтеррорчилик операциялари ва ҳозирги коронавирус пандемияси вақтида ижтимоий тармоқларда кўпинча “ваҳимани алангалатадиган” сохта хабарлар тарқалиши билан изоҳланди.

Туркия ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, охирги ойларда ижтимоий тармоқлардаги “иғвогарона” постлари учун 229 киши қўлга олинган.

“Чегара билмас мухбирлар” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти олдинроқ Туркия расмийларининг ҳаракатини қоралади ва яқинда юз берган давлат тўнтариши уриниши ортидан кўплаб ОАВ ёпилганидан кейин ижтимоий медиа ”Туркияда танқидий журналистиканинг сўнгги бошпанаси” ҳисобланишини қайд этди. “Чегара билмас мухбирлар” маълумотига кўра, Туркияда Facebook ижтимоий тармоғидан фойдаланувчилар сони 37 миллионга тенг, яъни мамлакат аҳолисининг деярли ярми, Твиттердан эса 16 миллион киши фойдаланади.

XS
SM
MD
LG