Ссылки доступа

Нур-Султонда бир гуруҳ аёллар баччабозлик учун ўлим жазоси қўлланилишига чақирди


Ўнлаб аёллар 3 август куни пойтахтдаги Вазирлар уйи олдида тўпланди ва болалар устидан жинсий зўравонликлар учун ўлим жазоси қўлланилишига чақирдилар.

Уларнинг баёнот беришича, мамлакатда бу каби жиноятлар ошиб бормоқда, ҳукумат эса бу масалага “етарлича” эътибор қаратмаяпти, амалдаги қонунчиликда жазо “етарлича кескин эмас”.

— Мен баччабозлар ўлим жазосига ҳукм қилинишини талаб қиламан. Агар ҳимоясиз болаларни муҳофаза қила олмас эканмиз, у ҳолда нима учун полиция ва қуролли кучлар керак? Ўз мамлакатимизда болалар ҳаётини, уларнинг руҳий ҳолатини ҳимоя қила олмас эканмиз, у ҳолда ҳукумат нимага керак? — дейди беш боланинг онаси Молдир Сарсенбаева.

Кўп болали она Айгул Ниятбекова ўз ўғли ва қизларининг келажагидан хавотирга тушаётгани борастда баёнот берди.

— Яқинда Сатпаев, сўнг Бойқўнғирда воқеа юз берди; бир неча кун аввал худди шу каби ҳодиса пойтахтда юз берганидан хабар топдик. Жиноят даражаси кўпаймаган тақдирда ҳам, камаймади. Аёллар қаршилик кўрсатиш ва ўзларини ҳимоя қилишга қодир. Аммо ёш болалар ўзларини ҳимоя қила олмайди. Ҳокимиятдагилар кимёвий кастрация қиламиз, инъекция қиламиз дея гапиришади. Аммо бундан фойда йўқ, — дея гапиради кўп болали она.

Аёллар Вазирлар уйи олдида икки соатга яқин бўлишди ва ўз талабларини изҳор қилдилар. Акция жойида полиция ва махсус бўлинма ходимлари бўлди, бироқ улар вазиятга аралашмадилар ва ҳеч ким ушланмади.

Ҳодиса жойига етиб келган Есиль туман ҳокимиятининг вакили шаҳарда қатъий карантин амал қилинаётганини айтди ва тўпланганларни тарқалишга чақирди. Унинг айтишича, ҳокимиятга бу акцияни ўтказиш учун 6 июн куни кучга кирган тинч намойишлар тўғрисидаги қонун меъёрларига мос равишда бирор бир“маълумотнома” келиб тушмаганини айтди.

Қонунчиликка биноан ёш болаларга нисбатан зўравонлик ёки жинсий характердаги зўрлик харакатлари учун 20 йил ёки умрбод қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Қозоғистонда ўлим ҳукмига нисбатан мораторий амал қилади. Жиноят кодексида ўлим жазоси оғир ва террор жиноятлари учун берилиши кўзда тутилган.

Яқинда Қарағанда вилоятининг Сатпаев шаҳрида беш ёшли қизчанинг ўғирлангани ва зўрланиши борасида тарқатилган хабарлардан сўнг жамиятда баччабозлик учун жазо масаласидаги баҳс-мунозаралар қайта бошланди. Марказий Қозоғистондаги нисбатан босиқ шаҳарда юз берган норозиликлардан сўнг расмийларнинг маълум қилишича, 16 киши ушланди ва икки нафарига қидирув эълон қилинди. Полициянинг хабар беришича, эҳтимолий бола ўғрисига нисбатан тергов бошланди, унга нисбатан жумладан, балоғатга етмаган болани зўрлаш моддаси бўйича иш очилди.​

2018 йилдан Қозоғистонда кимёвий кастрация (бичиш) тўғрисидаги қонун кучга кирди. Бу каби жазо жинсий зўрликда айбланганлар учун қўлланилади. Жиноят кодексига кўра, кимёвий кастрация вояга етмаганларга жинсий тажовуз қилган ва суд томонидан айби исботланган 18 ёшдан катталарга нисбатан қўлланилади. Бунга қаршилар, суд хато қилиши эҳтимолини, шунингдек, кимёвий кастрация учун бюджетдан катта маблағ ажратилишини айтишади.

XS
SM
MD
LG