Ссылки доступа

Афғонистонда қамоқхонага ҳужум оқибатида ўнлаб кишилар ўлди, юзлаб маҳбуслар қочиб кетди


Афғонистонда 3 августга ўтар кечаси «Ислом Давлати» (ИД) экстремистик гуруҳи жангариларининг шарқдаги Нангархар вилоятидаги қамоқхонага ҳужуми оқибатида камида 39 киши ҳалок бўлди.

Афғонистон амалдорларининг душанба куни хабар қилишича, ҳалок бўлганлар орасида оддий фуқоролар ҳам, хавфсизлик кучлари ходимлари ҳам, маҳбуслар ҳам бор. Маълумотларга кўра, камида 10 нафар жангари ўлдирилган. ИД гуруҳи ўзига тегишли Amaq янгиликлар сайти орқали ҳужум учун маъсулиятни ўз зиммасига олди.

Ҳужумдан аввал ИД жангарилари Нангархар вилоятининг маъмурий маркази бўлмиш Жалолободаги қамоқхона ҳудудида миналаштирилган автомобилни портлатиб юборишди. Шундан сўнг жангарилар қамоқхона ҳудудига бостириб кирганларидан кейин улар ва хавфсизлик кучлари ўртасида туни билан отишма бўлиб ўтди. Жангариларнинг ҳужуми оқибатида 1 800 га яқин маҳбус озод бўлди, улар орасида толиблар ва ИД жангарилари ҳамда бошқа жиноятчилар ҳам бор.

Жалолободаги Озодлик мухбирининг хабар қилишича, 3 август куни эрталаб жангарилар қўшни бинолардан хавфсизлик кучларига қарата ўқ отишни давом эттирди. Душанба куни афғон амалдорларининг таъкидлашларича, ҳужумлар тўхтатилди, аммо кўплаб маҳбусларнинг озодликда қолаётганиҳам маълум қилинди.

Ҳодиса зўравонликлар давом этаётган мамлакатда жангариларнинг навбатдаги ҳужуми бўлди.

XS
SM
MD
LG