Ссылки доступа

Тожикистон ИИВ раҳбари қочқиндаги полковник Ҳалимовнинг ўлимини расман тасдиқламади


Тожикистон ОМОНи собиқ қўмондони полковник Гулмурод Ҳалимов Сурияда бомба ҳужумлари оқибатида ўлдирилган. Бу ҳақда 3 август куни Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода маълум қилди. Бироқ у қочқиндаги полковникнинг ўлимини расман тасдиқлашни истамади.

«Ҳибсга олинган жангарилар ва бошқа манбалардан олган маълумотимизга кўра, Ҳалимов ва унинг оила аъзолари Суриядаги амалиётлардан бирида ўлдирилган. Бироқ биз, ҳамон унинг жасадини кўзимиз билан кўрмадик, унинг шахси аниқланмагунга қадар Гулмурод Ҳалимовнинг ўлимини расман тасдиқлай олмаймиз», деди Тожикистон Ички ишлар вазири.

Тожикистон ОМОНнинг собиқ командири 2015 йил апрелида айрим мамлакатларда фаолияти тақиқланган “Ислом Давлати” (ИД) гуруҳи сафларига кирди. Ўшанда Ҳалимов 40 ёшда эди. Қочқиндаги полковникка нисбатан Тожикистонда “Давлатга хиёнат”, “Жиноий тўдада иштирок этиш” ва “Бошқа мамлакатлар худудларида ҳарбий ҳаракатлар ёки қуролли можароларда ноқонуний равишда иштирок этиш” моддалари бўйича жиноий иш очилган. Тожикистон расмийлари унга нисбатан халқаро қидирув эълон қилган. 2015 йил сентябрида Гулмурод Ҳалимов АҚШ томонидан санкция жорий қилинган “Ислом Давлати” гуруҳи билан боғлиқ 35та шахс ва ташкилот қаторида террорчилар рўйхатига киритилган. 2016 йилда АҚШ расмийлари Ҳалимовнинг қаердалигини маълум қилганлар учун $3 млн миқдорида мукофот эълон қилди.

2017 йил апрел ўрталарида Лондоннинг The Times газетаси Ҳалимов Ироқ ғарбидаги Мосул шаҳрига берилган авиазарба оқибатида ўлдирилгани борасида хабар берди. 2017 йил сентябрида Ҳалимов йўқ қилингани борасида РФ Мудофаа вазирлиги ҳам баёнот берди – бу гал ўлим жойи Суриянинг Дейр-эз-Зор шаҳри кўрсатилди. Бироқ, АҚШ расмийлари бу хабарга ишонмаслиги юзасидан жавоб қайтарди, ҳамда ўзлари ҳам Ҳалимовнинг тақдири юзасидан маълумотга эга эмасликларини таъкидладилар. Тожикистон расмийлари ҳам Ҳалимовнинг йўқ қилингани борасидаги хабарни расман тасдиқламади, қочқиндаги полковник ҳамон Интерпол линияси томонидан халқаро қидирувда.

XS
SM
MD
LG