Ссылки доступа

ҚР президенти «олигарх-клан тизими»га қарши чоралар кўришга чақирилди


Мухолифатчи, парламент собиқ депутати Бектур Асанов президент Сооронбай Жээнбековга видеомурожаат йўллади, унда Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовга нисбатан чора кўришга чақирилган.

Сиёсатчи ўз мурожаатида мамлакат мустақиллигининг илк йилларида бошланган коррупция амалдаги ҳукуматда ҳам давом этаётганини таъкидлайди.

«Минг афсуски, Асқар Акаев даврида шаклланган олигарх-бандит-кланли коррупция Сооронбай Жээнбеков даврида ҳам давом этмоқда. Президентни «Райим миллион» гуруҳининг раҳбарига нисбатан зудлик билан қонуний чора кўришга чақирамиз. Биз парламент сайловларига қадар президент кимни – Қирғизистон халқиними ёки олигарх-бандит гуруҳиними қўллаб-қувватлашини очиқчасига айтишини талаб қиламиз», - деди Асанов.

Президент маъмурияти ҳозирча бу мурожаатни изоҳламади.

Давлат Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов (жамиятда Райим Миллион номи билан танилган) 2017 йилда мансабидан озод қилинган эди.

2019 йилнинг декабрида президент Сооронбай Жээнбеков якуний матбуот анжуманида Матраимовни жавобгарликка тортиш учун юридик мустаҳкамланган фактлар кераклигини таъкидлаган, шунингдек, «политтехнологлар Матраимовдан коррупция рамзини яратишганини ва уни Жээнбеков билан боғлашга ҳаракат қилаётганликларини»қайд қилган эди.

«Азаттық», OCCRP ва Kloop туркум журналистик суриштирувларини эълон қилди. Уларда йиллар давомида Қирғизистондан миллионлаб доллар олиб чиқилгани, яширин пуллар коррупцияни мустаҳкамлаши, давлат хазинасига зиён етказиши ва ҳатто одамларнинг ўлдирилишига сабаб бўлиши ҳақида ҳикоя қилинган эди. Материалларда Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов билан алоқадорлик кўрсатилган эди.

Бу материаллар эълон қилиниши билан Райимбек Матраимов, унинг акаси ЖК депутати Искендер Матраимов, уларнинг оиласи ва Исмаил Матраимов номли жамғарма учта медиаресурс устидан судга даъво аризасини берди. Қадр-қиммат ва шаънни ҳимоя қилишни кўзлаган даъво аризаларининг қиймати: “Азаттиқ” радиосига 22,5 миллион сомни, журналист Али Токтакуновга 10 миллион сомни, Kloop сайтига 12,5 миллион сомни, 24.kg сайтига эса 15 миллион сомни ташкил қилди. Кейинроқ даъвогарлар 24.kg га нисбатан моддий эътирозни қайтариб олишди.

Журналистик суриштирувларда кўрсатилган фактлар бўйича МХДҚ текширув олиб бормоқда.

2019 йил декабрида Райимбек Матраимов журналистларнинг саволига жавоб берар экан, Қирғизистондан 700 млн доллар олиб чиқилишига мутлақо алоқаси йўқлигини айтган эди.

XS
SM
MD
LG