Ссылки доступа

Албания Германияга терроризмда айбланаётган тожикистонликни топширди


Албания Германияга «Ислом Давлати» (ИД) терроор гуруҳи аъзолигида ва теракт уюштиришга тайёргарлик кўришда айбланаётган 24 ёшли Тожикистон фуқароси Комрон Зухуровни топширди.

Мамлакат прокуратураси 4 август, сешанба куни баёнот бериб, Зухуров Германиядаги АҚШ кучлари муассасаларига ҳужум қилишни режалаштирганини маълум қилди.

Июн ойида Тирана суди Комрон Зухуровни Тожикистонга эмас, балки Германияга экстрадиция қилиш борасида қарор қабул қилди. Судьяларнинг фикрича, Тожикистонда у қийноқлар, шафқатсиз муносабат ва адолатсиз судга тортилиши мумкин экан.

Албания полицияси 30 апрел куни баёнот бериб, терроризмга қарши кураш бошқармаси Интерпол билан бирга ўтказилган амалиёт вақтида Тожикистон фуқароси Комрон Зухуровни қўлга олгани юзасидан маълум қилди. Полициянинг маълум қилишича, қўлга олинган шахс ўзининг ҳамроҳи билан буюртма қотиллик содир этиш учун Албанияга келган.

Албания расмийлари томонидан тарқатилган баёнотда таъкидланишича, қўлга олинган Комрон Зухуровга Германиянинг Карлсруэ шаҳар федерал суди томонидан 21 апрель куни чиқарилган халқаро ордер қўлланилади. «Ҳибсга олинган шахс Германия худудларида теракт содир этиш мақсадида ИД томонидан ташкил этилган террор тўдасига алоқадорликда айбланади», - дейилади ҳужжатда.

Камрон Зухуровнинг адвокати Аслан Даджани суд мажлисида баёнот берар экан, ўз ҳимоясидаги шахс Германия расмийлари томонидан қўйилаётган айбловларни инкор қилаётганини айтди. Ҳибсга олингунга қадар Зухуров икки йил Германияда яшаган, ва шу йилнинг феврал ойида холасини кўриш учун Албанияга келган, дея таъкидлади адвокат.

ГФР расмийлари 15 апрел куни Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ўлкаси ҳудудида теракт уюштиришга тайёргарлик кўриш гумони билан бир гуруҳ Тожикистон фуқаролари ушлангани борасида баёнот берди. "Бўлажак ҳужумлар нишони Германиядаги АҚШ кучлари муассасалари ёки алоҳида олинган фуқаролар бўлиши керак эди. Жумладан, уларнинг фикрича, исломни ошкора танқид қилувчи шахсларни ўлдириш режалаштирилган эди", - дея баёнот берди ўшанда Германия полицияси.

ГФР Бош прокуратураси қўлга олинганларнинг ҳаммаси -Азизжон Б., Мухаммадали Г.. Фарходшох К. ва Суннатуллох К. – Тожикистон фуқаролари эканлигини маълум қилди. Бешинчи гумондор террор тўдасининг етакчиси бўлмиш Равшан Б. ҳам Тожикистон фуқароси бўлиб 2019 йилнинг март ойидан бери қамоқда сақланмоқда.

XS
SM
MD
LG