Ссылки доступа

Туркманистонда ниқобсизлар жаримага тортилмоқда


Туркманистонда ҳимоя ниқоби бўлмаган фуқароларни жаримага торииш бошланди, дея хабар беради Озодлик радиосининг туркман хизмати. Мазкур мамлакатда шифохоналар тўлиб кетганига қарамай коронавирус йўқлигини таъкидлаш давом этмоқда.

"Полиция ниқобсиз одамларни ушламоқда ва шу заҳоти полиция бўлимига олиб кетмоқда, у ерда фуқаролар 60 манат ($17) миқдорида жаримага тортилмоқда", – дея хабар беради Озодликнинг туркман хизмати. Ушланганлар бундан кейин ниқобсиз кўчага чиқмасликлари борасида тилхат ёзишга мажбурланмоқда.

Полиция бўлимига ниқобсиз автомобил бошқарган ҳайдовчилар ҳам олиб борилмоқда. Уларга қўшимча равишда 50 манат ($14) миқдорида жарима ёзилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Туркманистонда ҳамон коронавирус қайд қилинмаган. Бироқ, мамлакат Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати вазирлиги фуқароларга мурожаат қилиб “ҳавода чанг кўплиги боис” ниқоблардан фойдаланиш ва ижтимоий масофа сақлашни тавсия қилмоқда.

Озодлик радиосининг туркман хизмати манбаларининг таъкидлашларича, мамлакат шифохона ва поликлиникаларида беморларнинг коронавирус тестлари манфийлиги ҳақида мунтазам хабарлар берилади, беморлар орасида амалдорлар ҳам бор бўлиб, айни дамда шифохоналар беморларга тўлиб кетган.

ЖССТ миссияси вакиллари 15 июл куни Туркманистон расмийларига гўёки “коронавирус аниқлангани боис” чоралар кўришга тавсия берди. Мамлакатда карантин чоралари кўрилмоқда: бозорлар, йирик дўконлар ва масжидлар ёпилди. Масалан Ашхободда йирик дўкон ва бозорлар фаолияти тақиқланди, Лебап вилоятида жамоат муассасалари ва масжидлар беркитилди, Мари шаҳрида эса аҳолига тўй ва мотам маросимларини ўтказмаслик тавсия қилинди. Барча минтақаларда ҳукумат расмийлари уйма-уй юриб кўчага чиқмаслик ва ниқоб тақиш борасида маслаҳат бермоқда.

XS
SM
MD
LG