Ссылки доступа

Тожикистонда маошлар, пенсия ва стипендиялар оширилгани эълон қилинди


Тожикистон ҳукумати 1 сентябрдан бюджект ташкилотлари ходимларининг иш ҳақини, шунингдек, пенсия ва стипендияларни 15 фоизга оширади.

Президент Эмомали Раҳмоннинг «Аҳолининг ижтимоий ҳимояланганлик даражасини ошириш ва давлат хизматчилари, бюджет ташкилотлари ходимларининг амалдаги мансаб маошларини, пенсия ва стипендиялар миқдорини ошириш чоралари тўғрисида» ги фармони 4 август куни чоп этилди.

Маошлар, пенсия ва стипендияларнинг оширилиши тўғрисидаги қарор коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга ва мамлакат бюджетига салбий таъсири ҳақида расмийлар гапираётган бир пайтга тўғри келди.

Тожикистон раҳбари фармонида айтилишича, ҳукумат “аҳолининг фаровонлик даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида” бу қадамни ташлаган.

Расмийлар 2020 йилнинг 1 сентябридан “таълим, фан, маданият, спорт, ижтимоий ҳимоя, соҳаси ташкилотлари ва идоралари ходимларининг, давлат бюдетидан молиялаштириладиган иқтисодиётнинг реал тармоқлари ҳамда бошқа ташкилот ва муассасалар ходимлари ва иш ҳақи давлат хизматчиларининг иаошига тенглаштириладиган ташкилот ва идораларнинг ходимлари маоши 15 фоизга оширилиши”га қарор қилдилар.

Ҳарбий хизматчилар, ички ишлар органлари, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг оддий ва раҳбар таркибидаги шахсларнинг маошлари 10 фоизга ошади.

«Ёши бўйича пенсиянинг минимал миқдори, базавий пенсия ва ёши бўйича меҳнат пенсиясининг максимал даражаси 15 фоизга оширилсин ва уларнинг миқдори тегишинча 207 сомоний (20 доллардан кўпроқ) ва 978 сомоний этиб белгилансин», дейилади президент фармонида.

Ташкилотлар ва муасасасалар ходимларининг айтишича, пандемия даврида бозорларда озиқ-овқат нархининг ўсиши шундоқ кўзга ташланиб турибди ва шунинг учун маошларни ошириш ҳақидаги қарорни ўз вақтида қабул қилинган қарор, деб баҳолашмоқда.

Бироқ бюджет ташкилотларининг айрим ходимлари COVID-19 шароитида маошларнинг бу каби оширилишини кам деб ҳисоблайди. Восей туманидан бўлган ўқитувчи Ражабали Шайховнинг айтишича, маошларнинг бу қадар арзимаган миқдорда оширилиши унинг оиласи учун деярли сезилмайди. «Агар маошингиз бир минг сомоний бўлса, у атиги 150 сомонийга кўпаяди. Бир қоп ун нархи ҳозир 230-240 сомоний туради», - дея аниқлик киритади у.

Бюджет соҳасининг кўпчилик ходимлари уларнинг реал даромади ойлик иш ҳақига боғлиқ эмаслигини айтишади. Улар одатда ишдан ташқари хизматлар ёки ҳайвон боқиш ёки томорқа орқасидан тирикчилик қилишади. Душанбелик Нуриддин Норовнинг айтишича, унга меҳнат миграциясига чиқиб кетган фарзандлари тирикчилик ўтказишга ёрдам беришади.

Тожикистонда иш ҳақининг минимал даражаси 400 сомонийни ташкил этади, бюджетчилар маошларининг ўртача даражаси 1 минг сомонийдан иборат. Охирги марта Тожикистонда маошлар ва пенсиялар 2018 йилнинг сентябрида 15 фоизга оширилган.

XS
SM
MD
LG