Ссылки доступа

Тожикистонда давлат тили ривожи бўйича янги дастур ишлаб чиқилади


Яқинда Тил ва терминология қўмитаси 2020-2030 йилларга мўлжалланган давлат тилини ривожлантириш янги Дастури ишлаб чиқилганини маълум қилди, лойиҳа айни дамда ҳукуматда муҳокама қилинмоқда.

Мазкур қўмита раиси Олимжон Муҳаммаджонзода ўтган ҳафтада бўлиб ўтган матбуот анжуманида айни дамда тожик тилини ўрганиш ва ривожлантиришга қаратилган янги дастур қабул қилиш эҳтиёжи пайдо бўлгани ҳақида баёнот берган эди. У мазкур баёнотга изоҳ берар экан: «Технологияларнинг ривожланишини инобатга олган ҳолда биз янги дастур доирасида луғатлар ва бошқа дарсликларнинг электрон версиясини давлат тилида ишлаб чиқмоқчимиз», деди.

Муҳаммаджонзоданинг айтишича, дастурнинг асосий мақсадларидан бири хорижда яшовчи тожикистонликларни тожик тилида ўқитиш ва бошқа мамлакатларда тожик тилини кенг тарқатишдан иборат бўлиши керак. Унинг сўзларига қараганда, дастур доирасида кенг ўқувчилар оммасига тақдим қилиш мақсадида архивларда сақланаётган тожик ёзувчиларининг асарларини электрон кўринишда жойлаштириш, шунингдек, уларни аудиоформатда эълон қилиш ҳам режалаштирилган.

Тил ва терминология бўйича Қўмита сиймосида маъсуллар давлат тилини қўллаб-қувватлаш масаласида янги дастур қабул қилиниши зарурлигини айтаётган бир вақтда айрим филологлар тожик тили қўлланилишидаги муаммолар бартараф этилиши кераклигини айтишади.

Тил ва терминология Қўмитаси раиси янги дастур давлат тили қўлланилишини кенгайтириши ва бу масаладаги қатор муаммоларни ҳал қилишини айтаётган бир вақтда, Москвада яшовчи тожик тадқиқотчиси Умеда Жайхони бу каби дастурлар тилдан фойдаланиш муаммосини ҳал қилишдан кўра, шунчаки декларатив эканлигини айтади. Радио Озоди билан суҳбатда Жайхони, «асосий муаммолардан бири – давлат муассасалари ва расмий ОАВда иш тилининг руслаштирилишидир», дейди.

Тожик миллий университетининг ўқитувчиси Қутбиддин Мухторининг сўзларига қараганда, ҳозир талабалар давлат тилини ўрганишга қизиқиш билдирмоқда. У Радио Озоди билан 4 август куни суҳбатлашар экан, ижтимоий тармоқлар ва кўча тилнинг аҳволи ва ундан фойдаланишнинг ҳақиқий аҳволини кўрсатиб турибди, дейди.

Давлат тилини ривожлантиришга қаратилган янги дастур ҳисоб бўйича учинчиси ҳисобланади – бу каби дастурнинг биринчиси 1997-2000 йилларда, иккинчиси –2012-2016йилларда қабул қилинган.

Тожик тилини ривожлантириш ва унинг орфографиясини қўллашга қаратилган баҳслар бир неча йиллардан бери давом этади. Тожик тили 1989 йил 22 июлда давлат тили мақомига эга бўлган ва шундан бери тожик тили имло қоидалари икки марта кўриб чиқилган.

XS
SM
MD
LG