Ссылки доступа

Қирғизистонда сўнгги 2 ҳафтада коронавирусга чалиниш салкам 40%га камайди


Қирғизистонда коронавирусга чалиниш кўрсаткичлари камаймоқда, деди 5 август куни бўлиб ўтган брифингда бош вазир Кубатбек Боронов.

«Янги ҳолатлар кам, соғайганлар кўп – бу яхши кўрсаткич. ЖССТ методологияси бўйича сўнги 14 кунда Қирғизистонда янги ҳолатлар 39,2% га кам бўлди. Аммо ҳеч ким кўплаб мамлакатлар тўқнаш келаётган иккинчи тўлқин бўлмаслигига кафолат бера олмайди», -деди Боронов.

Унинг сўзларига қараганда, профилактик чора-тадбирлар кучайтирилади, кузда ОРВИ ва гриппга қарши эмлаш режалаштирилган, аввалги йилларга таққослаганда фаолият назоратга олинади, аҳолининг эҳтиёжманд қисми бепул эмланади.

Ҳукумат раҳбарининг айтишича, зарур дори-дармон ва жиҳозлар сотиб олинмоқда, шифохоналар қурилмоқда, ниқоблар тайёрланмоқда, Қирғизистон заводларида тиббиёт анжомларини ишлаб чиқариш ишлари олиб борилмоқда, 40га яқин тез ёрдам машинасинихарид қилиш режалаштирилган.

Бишкекдаги айрим муваққат стационарлар фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда пойтахт муниципалитети матбуот хизмати маълум қилди. Таъкидланишича, 4 август куни кундузги стационарларга 964 киши мурожаат қилган, бу уларнинг иш фаолиятидаги паст кўрсаткичдир. 4 августдан 5 августга ўтар кечаси тунги стационарларга атиги173 киши мурожаат қилди.

«Айрим стационарлар бўшаб қолди, пациентлар йўқ. Харажатларни оптимизациялаш ва куз-қиш даврига инсон ресурсларини сақлаш мақсадида кам мурожаат қилинаётган айрим стационарлар вақтинча ёпилди», - дейилади мэрия хабарида.

«Сейтек», №№95, 83, 81 ва94 мактабларида, «Арал» қаҳвахонасида жойлашган кундузги стационарлар, шунингдек “Қара Жигач” мавзесидаги “Салтанат” ресторани базасида фаолият юритувчи тунги стационар беморларни қабул қилмаяпти.

Мэрия маълумотига кўра, кундузги стационарларнинг бир ойлик фаолияти давомида 84 минг 689 киши тиббий ёрдам олган, тунги стационарлар эса 8 минг 688 нафар фуқорони қабул қилди.

Коронавирусга чалинганлар сонининг ошиши туфайли шифохоналарда жой етишмаслиги сабаб июл ойи бошларида Бишкекда 13та кундузги ва 3та тунги муваққат стационарлар ташкил қилинди.

5 август ҳолатига кўра, COVID-19 тарқала бошлагандан бери 38110 нафар қирғизистонлик касалликка чалинган, 1438 нафар бемор вафот этди.

XS
SM
MD
LG