Ссылки доступа

Тошкент ҳокими Ортиқхўжаевга қарашли "Imzo Akfa" ишчилари карантинда ётоғи билан ишлатилмоқда


Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган дераза ва эшик ишлаб чиқарувчи "Imzo Akfa" корхонасининг юзлаб ишчиси 15 кунлик сменада ётоғи билан ишлатилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган завод ходимлари 15 кун уйга бормасдан, корхонанинг омборхонасида ётиб ишлатилаётганликларини айтишди.

Беш юздан зиёд ишчига эга "Imzo Akfa" корхонасининг 4 август куни Kадрлар бўлими ходими коронавирус хавфи сабаб ходимлар ўз хоҳишларига кўра ётиб қолиб ишлаётгани ва бу хавфли вирус тарқалиши олдини олиш бўйича вақтинча чора эканини айтди.

Пластик дераза ва эшиклар ишлаб чиқарувчи "Imzo Akfa" корхонасининг исми ошкор этилишини истамаган ишчиси Озодлик билан суҳбатда ўзи ва юзлаб ҳамкасби 10 июлдан буён уйга бормасдан корхона ҳудудида ётиб ишлатилаётганини айтди.

- Икки юз одам антисанитария аҳволда бир жойда ётиб бир жойда ишлаяпти. Уч одамда коронавирус чиқди, лекин завод раҳбарияти буни яширяпти. Буларнинг мақсади - ишлаб чиқариш тўхтамасин, ишчиларнинг соғлиги билан уларни иши йўқ, - деди корхона ходими.

Бу суҳбатдош сўзининг тасдиғи сифатида завод ичидан ўзи олган суратларни юборди.

3 август куни корхона ичидан олинган суратларда полда қаторасига кўрпачалар тўшалгани кўринади.

Ишчилар кўрпа-тўшагини ўзлари билан кўтариб келишларини айтишди.

Заводнинг ишчилари Ўзбекистон меҳнат қонунчилигига зид тарзда кунига 10 соатлаб ишлатилаётганликларини ҳам иддао қилишди.

- 10 соат, баъзида 12 соатлаб ишлаймиз. Ортиқча ётиб қолиб ишлаганимизга қўшимча ойлик бериладими десак, йўқ дейишади. Хоҳласанг ишла, хоҳламасанг ўрнингга бошқа бировни оламиз, дейишади бошлиқлар. 15 кунлик сменада қолиб ишлаб 700 минг сўм ойлик ёзишибди, - дейди заводнинг эшик ручкалари ишлаб чиқариш цехи ходими.

"Imzo Akfa" корхонасининг Кадрлар бўлими мулозими "коронавирус карантини сабаб корхонада ходимлар ўз хоҳишларига кўра ётиб қолиб ишлаётгани, уларга ҳамма шароит яратиб берилаётгани, бепул овқат берилаётгани"ни айтди.

"Ходимлар хавфсизлигини ўйлаб, завод ҳудудига коронавирус олиб келинмаслиги учун кўрилаётган вақтинча чора бу", деди "Imzo Akfa" мулозими.

Корхона мулозими ишчиларнинг меҳнат қонунчилигига зид равишда ортиқча ишлатилаётганини рад этди.

"Imzo Akfa" корхонаси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли Akfa Group ҳолдинги таркибига кирувчи ўнлаб корхоналардан биридир.

Шавкат Мирзиëев қарори билан Тошкент шаҳрига ҳоким этиб тайинланган тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев айни пайтда¸ Ўзбекистон пойтахтидаги коронавирус эпидемиясини жиловлаш учун масъул давлат мулозими ҳам.

Ҳоким ва хусусий бизнес империяси эгаси бўлган Жаҳонгир Ортиқхўжаев¸ мустақил таҳлилчилар таъкидича¸ Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистонда давлат ва хусусий манфаатлар тўқнашувининг яққол намунасига айланган.

XS
SM
MD
LG