Ссылки доступа

Байрутдаги портлашда нобуд бўлганлар сони камида 135 нафарга етди


Ливан пойтахти Байрутда бандаргоҳдаги кучли портлашдан кейин қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Reuters агентлиги келтирган сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса чоғида камида 135 киши ҳалок бўлган, 5 минг чоғли одам жароҳатланган. 250 минг киши эса бошпанасиз қолган.

Расмийлар қурбонлар сони ошиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар. Портлашдан сўнг ўнлаб одам бедарак йўқолгани айтилмоқда. Қутқарувчилар уларни йиқилган деворлар остидан қидирмоқда.

Байрут бандаргоҳида портлаш 4 август куни содир бўлган. Портлаш зарбаси ҳатто Кипрда сезилган. Ҳодиса ортидан шаҳардаги биноларнинг қарийб ярмига шикаст етган. Кўплаб иншоотлар қулаган, айримларининг ойна ва эшиклари синган. Портлаш туфайли етказилган зарар миллиардлаб долларни ташкил этиши айтилмоқда.

Ливан расмийлари ҳодисага бандаргоҳ омборхонасида сақланган қарийб уч минг тонна аммиак селитраси сабаб бўлганини билдирганлар. Мазкур модда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, портловчи моддалар ҳамда ракета ёқилғисини ишлаб чиқаришда ишлатилади. Тергов версиясига кўра, селитра омборхонада олти йил мобайнида хавфсиз бўлмаган шароитда сақланган, бу бепарволик охир-оқибат фожеага сабаб бўлган.

Ливан ҳукумати Байрутда икки ҳафтага фавқулодда ҳолат тартиби жорий қилди. Расмийлар суриштирув энг қисқа муддатда ўтказилишига ваъда бермоқда. Селитра сақланиши учун масъул бўлган амалдорлар уй қамоғига олингани қайд этилган.

Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, аммиак селитраси бир пайтлар Хабаровск шаҳридан бўлган ва ҳозирда Кипрда истиқомат қилаётган россиялик тадбиркор Игор Гречушкинга тегишли кемадан мусодара қилинган. 2013 йили Грузиянинг Батуми шаҳридан Мозамбикка қараб йўлга чиққан Rhosus кемаси (унинг Молдова байроғи остида сузгани айтилади) техник носозликлар туфайли Байрут бандаргоҳига киришга мажбур бўлган. Ливан расмийлари кеманинг денгизга чиқишини тақиқлаб қўйганлар, юкни эса мусодара этганлар.

XS
SM
MD
LG