Ссылки доступа

Киевдаги банк бўлимини портлатмоқчи бўлган ўзбекистонлик икки ойга қамоққа олинди


Киев шаҳрининг Печерский туман суди банк бўлимини портлатиш билан таҳдид қилган Ўзбекистон фуқароси Суҳроб Каримовни қўпорувчилик тўғрисидаги иш юзасидан қамоққа олди, дея хабар беради Киев прокуратурасининг матбуот хизмати.

Унга Украина жиноят кодекси 258 моддасининг 1 қисми (“Терактни амалга ошириш ёки амалга ошириш таҳдиди”) бўйича айблов қўйилмоқда.

Мажлисдан кейин прокурор Александр Жила журналистларга Суҳроб Каримов кафолат пули киритиш ҳуқуқисиз икки ойга ҳисбга олинганини айтди.

Каримов айби исботланган тақдирда 5 йилдан 10 йилгача бўлган озодликдан маҳрум қилиш жазоси кутади.

Эслатиб ўтамиз, 3 август куни Ўзбекистоннинг 32 ёшли фуқароси Суҳроб Каримов «Универсал Банк» бўлимига кириб, сумкасидаги бомбани портлатиб юбориш билан таҳдид қилган, агар уни ўлдиришга ҳаракат қилишса, детонаторга боғланган ва оёғига маҳкамланган сим ишга тушиб кетишини маълум қилган. У ўз олдига интервью бериши учун ОАВ вакиллари киритилишини, шунингдек, 40 минг гривен (1,4 минг доллар) беришларини талаб қилган.

Суҳроб Каримов «Бумеранг» ва «Гром» махсус операциялари чоғида қўлга олинди.

XS
SM
MD
LG