Ссылки доступа

Тожикистонда ТИУП раҳбариятининг собиқ икки аъзоси ҳибсга олинди


Исломиддини Файзали ва Жалолиддин Махмудов

Тожикистонда фаолияти тақиқланган Ислом Уйғониш партияси раҳбариятининг собиқ икки аъзоси ҳибсга олинди.

Яқинларининг сўзларига қараганда, Жалолиддин Маҳмудов 3 август куни Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитасига чақирилган ва ҳамон уйга қайтмаган. Аввалроқ эса Душанбеда Тожикистон Ислом Уйғониш партияси (ТИУП) Сиёсий кенгаши собиқ аъзоси Исломиддин Файзали қўлга олинган эди. Уларга нисбатан бирор бир айблов қўйилмади, адвокатлар билан таъминланишмади, демоқда ҳибсга олинганларнинг қариндошлари.

Жалолиддин Маҳмудовнинг ўғли Сайфиддин Жалолиддинзоданинг Радио Озодига хабар қилишича, 3 август куни отаси МХДҚга чақирилган, аммо ҳамон уйга келгани йўқ. Шу йилнинг апрелида ТИУП Олий Сиёсий Кенгаши собиқ аъзоси ва мамлакат Марказий Сайлов комиссияси аъзоси Жалолиддин Маҳмудов қамоқ муддатини ўтаб бўлганидан сўнг озодликка чиққан эди. 2015 йилнинг ёзида у ноқонуний қуролга эга бўлиш, сақлаш ва олиб юришда айбдор деб топилган ва беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Исломий партия собиқ аъзосининг ҳибсга олиниши юзасидан МХДҚ изоҳ бермади. Сайфиддин Жалолиддинзоданинг айтишича, отаси Тожикистон МХДҚ тергов изоляторида ушлаб турилибди.

Бироқ, ТИУПнинг бошқа бир фаоли - Исломиддин Файзалининг яқинлари хуқуқ тартибот идоралари томонидан ушланганидан кейин унинг қаердалигини билмасликларини айтишмоқда. «Исломиддин Файзали ва унинг рафиқаси бир ҳафта муқаддам Душанбеда ушланди. Эртаси куни рафиқаси озод қилинди, аммо Исломиддиннинг қаердалигини биз ҳамон билмаймиз», дейди ТИУП фаолининг яқин қариндоши Саидисхоқ Бобоев.

2015 йил июлида Ғисор туман суди Жалолиддин Маҳмудовни ноқонуний равишда қуролга эгалик қилиш, бериш, сотиш, сақлаш ва ташиш ёки олиб юриш айби билан 5 муддатга озодликдан маҳрум қилган эди. Ҳукмдан уч ой ўтиб Жалолиддин Маҳмудов Тожикистон Марказий сайлов комиссияси аъзолигидан муддатдан аввал чақириб олинган эди.

3 август куни Тожикистон ИИВ уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Шоди Ҳафиззода журналистларга ярим йил мобайнида 200 га яқин террор ва экстремистик ташкилот аъзоси, жумладан ТИУПнинг 3 аъзоси ушлангани ҳақида маълум қилган эди. Ислом партиясининг ҳибсга олинган учинчи аъзоси ҳақида маълумот йўқ. Аммо июн сўнгида МХДҚ ходимлари томонидан қамоқда бўлган ТИУП раҳбарияти аъзоси Зубайдулло Розиқнинг ўғли 38-ёшли Асрориддин Розиқов ушлангани маълум бўлди. Тожикистон Бош прокуратурасининг хабар қилишича, Асрориддин Розиқов “Тожикистон ЖКнинг 307 (3) моддаси бўйича экстеримистик фаолияти учун суд қарорига биноан фаолияти тақиқланган ёки йўқ қилиниши керак бўлган сиёсий партия, жамоат ёки диний бирлашмани ташкилаштириш”да айбланмоқда.

Human Rights Watch Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Тожикистон расмийларига мурожаат қилиб зудлик билан Асрориддин Розиқов озод қилинишини, уни ҳибсга олганларга нисбатан хизмат суриштируви ўтказилиши ва улар жазога тортилишини талаб қилди.

2015 йил 29 сентябрида Олий суд ТИУП фаолиятини экстремистик ва террористик дея тан олди ва унинг фаолиятини республика ҳудудларида таъқиқлади.

XS
SM
MD
LG