Ссылки доступа

Жаҳон банки пандемиядан сўнг Марказий Осиёда чуқур инқироз юзага келишини тахмин қилмоқда


Коронавирус пандемияси Марказий Осиё мамлакатларидаги таълим соҳаси, инсон капитали сифати ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётга узоқ муддатли салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банки 5 август куни ёйинланган хабарномасида айтилади.

Қайд этилишича, минтақа мамлакатларида ўқувчилар ва ёшлар бутун аҳолининг қарийб ярмини ташкил этади. Инқироз ўсиб келаётган авлоднинг истиқболдаги даромадларини хавф остига қўймоқда. Ўсмирлар орасида функционал саводсизлик даражаси ошаётгани, яъни жамият ҳаётида самарали иштирок этиш учун ўқиш, ёзиш ва математикага оид кўникмалардан фойдалана олмайдиган ўқувчилар сони ўсиб бораётгани тахмин қилинмоқда.

Пандемиягача ҳам Марказий Осиёда таълим соҳаси қатор муаммоларга, шу жумладан, таълимга оид қашшоқликни бартараф этиш, кам таъминланган оилалардан бўлган ўқувчиларга тенг имкониятлар тақдим этиш ва инклюзивликни олға суриш кабиларга дуч келган.

Жаҳон банки вакиллари фикрича, минтақа мамлакатларидаги ўқувчилар Европадаги ўз тенгдошларидан ўқиш бўйича 1,5 йилга ортда қолмоқдалар. Марказий Осиёдаги кўплаб ўқувчилар, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг (PISA) ўқувчиларни баҳолаш бўйича халқаро дастури натижаларига мувофиқ, функционал саводхонлик бўйича паст натижалар кўрсатганлар.

Маълумотларга кўра, ҳар хил даромадли оилалардан бўлган ўқувчиларнинг таълим олиши ўртасидаги узилиш ёки тенгсизликнинг ошиб бораётгани алоҳида хавотир уйғотмоқда. PISA қайдича, Қозоғистонда энг камбағал оилалардан бўлган болалар таълимда ўз тенгдошларидан бир йилга, Қирғизистонда эса 2,5 йилга ортда қоляпти.

Коронавирус пандемияси таълим тизимига шундай яксон қилувчи зарба беряптики, бунинг оқибатлари (бунга биргина Марказий Осиёда 44 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги иқтисодий йўқотиш ҳам киради) ўн йиллар кейин ҳам ҳис этилади.

Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги таълим соҳаси бўйича етакчи мутахассиси Айша Ваудага кўра, бу энг пессимистик сценарий эмас.

ЖБ вакиллари коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш бўйича режа ишлаб чиқишда энг асосий эътиборни таълим масалаларига қаратиш зарурлигини таъкидламоқдалар. Мамлакатлар таълимга ажратилган бюджет маблағларини сақлаб қолишлари, масофавий таълим сифатини оширишлари, фақат билим эмас, балки салоҳият ва малакага урғу берган ҳолда таълим дастурлари бўйича мослашувчанликни таъминлашлари шарт.

Қайд этилишича, асосий эътиборни мактаблар ёпилишидан энг кўп зарар кўрган ўқувчиларга қаратиш керак. Минтақа мамлакатлари ўқувчилар, ёшлар ва ўқитувчилар ўртасида рақамли технологиялар бўйича кўникмаларни ривожлантиришни таъминлашлари ҳамда масофавий таълим бўйича турли платформаларда педагогнинг ўқувчи билан интерфаол ишлаши учун кўпроқ имконият яратиб беришлари лозим.

XS
SM
MD
LG