Ссылки доступа

Трамп TikTok ва WeChat нинг АҚШдаги фаолияти тақиқланиши борасидаги фармонни имзолади


АҚШ президенти Дональд Трамп TikTok ва WeChat Америка компанияларига сотилмайдиган бўлса, у ҳолда уларнинг иловалари 45 кун мобайнида АҚШда тақиқланиши тўғрисидаги фармойишни имзолади.

Фармон TikTok ижтимоий тармоғининг эгаси бўлмиш Хитойнинг ByteDance компанияси ва унинг тармоқлари билан ҳар қандай битимни тақиқлайди. Шу каби чоралар WeChatга тегишли бўлган Хитойнинг Tencent технологиялар компаниясига ҳам кўрилади.

Оқ уй баёнотига кўра, санкциялар платформалар томонидан АҚШ хавфсизлигига бўладиган “таҳдидларни бартараф этишга” қаратилган. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.

Трампнинг фикрича, Хитой компаниялари томонидан ишлаб чиқилган иловалар АҚШ “миллий хавфсизлиги, ташқи сиёсати ва иқтисодиётига таҳдид кўрсатади”. Унинг фикрига кўра, TikTok америкалик фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини тўплайди, бу ўз навбатида «Хитойга федерал хизматчилар ва пудратчиларнинг турган жойини кузатиб бориш, шантаж мақсадида шахсий маълумотларини тўплаш, шунингдек, саноат жосуслигини амалга ошириш» имконини бериши мумкин.

Трампнинг қайд қилишича, “миллий хавфсизлик манфаатлари нуқтаи назаридан” TikTok ваWeСhat билан битим масаласида чекловлар жорий қилмоқда.

Ўтган ҳафта компаниялар баёнот бериб, TikTok Америка бозорини тарк этиш ниятида эмаслигини маълум қилди. "Биз ҳеч қаерга кетмоқчи эмасмиз", – дея баёнот берди TikTokнинг Шимолий Америка бўйича директори Ванесса Паппас, у сўзига қўшимча қилар экан иловалар шахсий маълумотлар учун хавфсиз эканлигини таъкидлади.

"Биз бу ерда узоқ муддатда қоламиз, бизнинг иловалар орқали ўз овозингизни ўртоқлашишда давом этинг ва келинг TikTokни ҳимоя қилайлик", – дейилади Паппас баёнотида.

Аввалроқ, Microsoft TikTokнинг Америкага тегишли улушини сотиб олиш ниятида экани айтилган эди. Бунга жавобан Трамп баёнот берар экан, агар Америка хазинаси унинг қийматидан “катта қисмни оладиган” тақдирда бу каби Битимни қўллаб-қувватлашини билдирди. Шу билан бирга АҚШ президенти ижтимоий тармоқ фаолиятини 15 сентябрдан тақиқлаш ниятида эканлигини ҳам айтди.

TikTok платформаси 15-сониялик видеороликлар биоан ўзаро алмашиш имкониятини яратиб берган, унда фойдаланувчилар фонограмма орқали қўшиқ куйлашлари, рақсга тушишлари, скетч (ҳажвий кўриниш)лар намойиш қилиниши мумкин. Ижтимоий тармоқнинг 150та мамлакатда бир миллиардга яқин фойдаланувчиси бор, АҚШда уларнинг сони 80 миллионга яқин.

XS
SM
MD
LG