Ссылки доступа

Тожикистонда ҳомиладор аёлнинг ўлими суриштирилмоқда


Файзободда туғиш вақтида вафот этган аёлнинг қариндошларининг айтишича, фожиа шифокорларнинг совуққонлиги оқибатида юз берган. Тиббиёт ходимлари эса марҳуманинг оиласи қўяётган айбловларни рад қилмоқда.

Файзободда истиқомат қилувчи 30 ёшли Фарида Шарифова 16 июл куни туман туғриқхонасида вафот этди. Прокуратура мазкур ҳодисани тергов қилмоқда.

Қариндошларининг сўзларига қаранганда, Фарида Шарифова эрталабки 7.00ларда туғриқхонага борган, аммо бир соат ўтиб вафот этган. Марҳуманинг аммаси Зубайда Шарифованинг айтишича, фожиа шифокорларнинг совуққонлиги оқибатида юз берди. У 8 август куни Радио Озоди билан суҳбатда, Фарида туғриқхонага табиий дард билан борган бўлишига қарамай шифокорлар унга туғриқни тезлаштирувчи препарат улашганини айтди.

Марҳуманинг қариндошлари томонидан президент ва соғлиқни сақлаш вазири номига йўлланган мактубда ёш онанинг ўлим сабаблари диққат билан ўрганилиши сўралади. «Фарида туғриқхонага олиб келинганида ўша куни навбатчи бўлган Шарқия Мирзоева Фаридани текшириб кўрмасдан унинг эрига кўрсатилган дориларни сотиб олишни сўраган. Шундан сўнг у Фаридага туғриқни тезлаштириш мақсадида осма укол қўйган, ўзи эса бошқалардан туғриқни қабул қилишга кетган. Кўп ўтмай унга Фариданинг аҳволи ёмонлашгани ҳақида хабар беришган», - дейилади мактубда.

Зубайда Шарифованинг тахмин қилишича, Фаридага туғриқни тезлаштирувчи «окситоцин» берилган, чунки туғриқ Шарқия Мирзоеванинг навбатчилиги вақтига тўғри келиши керак эди. Бу версияни акушер инкор қилар экан, она ва боланинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида қўлдан келаган барча имкониятлардан фойдаланганини айтди.

Шарқия Мирзоеванинг айтишича, Фаридага осма укол қўймаган, у юрак етишмовчилиги туфайли вафот этди. «Эрталабки 8ларда унинг аҳволи ёмонлашди, мен барча шифокорларни чақирдим. Нима бўлганини сўрадим. Менга Фарида бўғилиб қолганини айтишди. Унинг юзи кўкариб кетди. Аёлда варикоз бор эди, бу унинг юрагига таъсир кўрсатди. Мен унга усма укол қўймаганман. Бу ёлғон. Беморнинг аҳволи ёмонлашганидагина, анестезиолог унга биринчи ёрдамни кўрсатиб, осма укол қўйди», - дейди суҳбатдош.

Қариндошларнинг айтишича, Фарида Шарифова Файзобод туманида истиқомат қилган, уч нафар фарзандини туман туғриқхонасида дунёга келтирган. «Мен бир нечта шифокор билан суҳбатлашдим, Фариданинг ўлимига нима сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини сўрадим, уларнинг тахминларига кўра Фаридага туғриқни тезлаштириш мақсадида окситоцин берилган бўлиши мумкин. Унинг баданида укол ўрни қолган, аммо бу фактни ҳеч ким тан олмаяпти», - дейди Зубайда Шарифова.

Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳодисадан хабардор эканликларини, агар қариндошлар ўлим сабабини билмоқчи бўлсалар у ҳолда жасад қайтадан текширилиши кераклигини маълум қилди. «Биз бу ҳодисани таҳлил қилдик. Қариндошлар пациент қандайдир касалликка чалинганини ҳеч қачон тан олишмайди. Ҳамиша шифокорларни айблашади», - дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манба.

Файзобод туман раиси Мирали Ражабзода яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида: «Мен Фарида Шарифованинг ўлими сабабларини аниқлаштириш юзасидан кўрсатма бердим» деди. Туман шифохонаси шифокори Фазлиддин Зубаидов 8 август куни баёнот берар экан, ҳодисадан сўнг «биз протокол туздик ва чоралар кўрилади. Шахсан вазирнинг ўзи келди» деди.

ЖССТ маълумотларига кўра, Тожикистонда ўртача ҳар 100 минг ҳомиладорнинг 24 таси туғиш чоғида вафот этади.

XS
SM
MD
LG