Ссылки доступа

Тошкент вилоятига қўшилишга қарши норозиликлар: Ўрикзорликлар петиция эълон қилди, улуғбекликлар имзо тўпламоқда


7 август куни Тошкент шаҳар Учтепа тумани Ўрикзор, Кўксарой ва Зарафшон маҳалласида яшовчи аҳоли Ўрикзор даҳасини Тошкент вилоятининг Зангиота туманига қўшиш қарорига норозилик билдириб, ҳукуматга петиция йўллади.

6 август куни икки марта норозилик чиқиши қилган ўрикзорликлар ҳукуматга ўз норозиликларини петиция кўринишида йўллашди.

Gazeta.uz нашрида эълон қилинган петицияда, президентдан ушбу масалани адолат билан кўриб чиқиш, маҳалла аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда, Ўрикзор даҳасини Тошкент шаҳри таркибида қолдириш сўралган.

6 август куни соат 11 ларда Ўрикзор, Кўксарой ва Зарафшон маҳалласида яшовчи тахминан 300 га яқин одам ҳукуматнинг Ўрикзор даҳасини Тошкент вилоятининг Зангиота туманига қўшиш қарорига норозилик билдириб, кўчага чиқди.

Тўпланганлар¸ туман раҳбарлари норозилар билан учрашиб, улар шикоятини шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга етказишга ваъда бергани ортидан тарқалди.

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани Улуғбек шаҳарчаси аҳолиси ҳам Қибрай туманига қўшилишга қарши.

Шаҳарча аҳолиси 6 август куни Телеграм каналида махсус гуруҳ тузиб, ўз норозилигини қандай билдириш режасини тузмоқда.

“Биз ўрикзорликларга ўхшаб кўчага чиқмоқчи эмасмиз. Биз юристлар, депутатлар билан маслаҳатлашиб, ўз норозилигимизни билдириб, имзо тўпламоқчимиз. Ҳозир ҳукуматнинг асосий идораларига жўнатишни режалаштирган мактуб тексти устида ишлаяпмиз. Эртага соат 10дан бошлаб имзо тўплашни бошлаймиз. Ҳар бир кўчага одам бириктирдик. Уйма-уй юриб, имзо тўплаймиз. Лекин карантин қоидаларига амал қиламиз. Буни пухта режалаштиряпмиз, бизни карантинни бузганликда айбламасликлари учун. Шаҳарчамизда 7500 одам яшайди. Ҳар бир одам имзосини олишга ҳаракат қиламиз”, деди имзо тўплаш тадбири ташкилотчиларидан бири.

Кўксарой маҳалла фаолларидан бири аҳоли нима учун Зангиота тумани ҳудудига қўшилишига қаршилигини шундай изоҳлади:

“Адрес ўзгарса, ўз-ўзидан ҳужжатларни ҳам ўзгартириш керак бўлади. Биринчидан, кўпчиликда машина бор, давлат рақамини ўзгартириш керак. Кейин кадастр, прописка ўзгаради. Булар ҳаммаси одамлар учун ортиқча харажат. Кейин биз барча ҳужжат ишлари учун Зангиотага боришимиз керак бўлади. Бу бизга узоқлик қилади. Кейин даволаниш учун ҳам Зангиотага боришга тўғри келади. Бу ҳам бизга анча ноқулай”.

Ўзбекистон ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси (Давергеодезкадастр)нинг Озодлик боғланган мулозими Ўрикзор даҳаси ва Улуғбек шаҳарчасини пойтахт тасарруфидан чиқариш таклифи Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли эканини таъкидлади.

Мамлакатдаги архитектура ва қурилиш соҳасига масъул Қурилиш вазирлиги мулозими ҳам Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш таклифига вазирликнинг алоқаси йўқлигини таъкидлади.

“Бизнинг Тошкент шаҳридаги ҳудудларни вилоятга қўшиш ёки чиқаришга алоқамиз йўқ. Вазирлик фақат вилоятлар бўйича шуғулланади. Тошкент шаҳри эса шаҳар ҳокимлигига берилган. Улар мустақил ўзи ҳал қилади”, деди ўзини таништирмаган вазирлик мулозими.

Ҳукумат режасига кўра, пойтахтнинг 1010 гектар ҳудудини Тошкент вилоятига ўтказилиши белгиланган. Айни пайтда Тошкент вилоятидан пойтахтга 10196 гектар ер майдони қўшилиши режалаштирилган.

Мазкур таклиф Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга 5 август куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар доирасида тақдим этилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев таклифларни маъқуллаган.

President.uz ёзишича, янги ўзгаришлар орқали Тошкент вилояти туманлари ва шаҳарларининг ўзаро чегара ҳудудларидаги номутаносибликларга барҳам берилиб, аҳолига қулайлик яратиш мақсади кўзланган.

Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Бош режасини қайта кўриб чиқиш, шаҳарга қўшимча берилаётган ер майдонларига уйлар, саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инфратузилма объектларини оқилона жойлаштириш, энг асосийси, аҳолига қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.

Мутасадди раҳбарларга мазкур масалалар юзасидан тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қисқа муддатда тайёрлаб, маҳаллий кенгашлар ва Олий Мажлисга кўриб чиқиш учун киритиш бўйича топшириқ берилган.

XS
SM
MD
LG