Ссылки доступа

Байрутдаги портлашдан сўнг халқаро донорлар Ливанга ёрдам беришга қарор қилди


Якшанба куни Байрут кўчаларида шаҳар портида юз берган портлашдан сўнг бошланган норозилик намойишларининг иккинчи куни бўлиб ўтди. Шу куни халқаро саммит иштирокчилари Ливанга ёрдам кўрсатиш мақсадида маблағ тўплаш юзасидан зиммаларига мажбурият олдилар.

БМТ берган баҳога кўра, 4 август куни Байрут портида юз берган кучли портлаш оқибатларини бартараф қилиш учун Ливанга тахминан 117 миллион доллар керак бўлади. Портлаш оқибатида 160 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, минглаб кишилар жароҳат олди, 300 мингга яқин шаҳарлик бошпанасидан айрилди.

Франция президенти Эммануэль Макрон ва БМТ халқаро онлайн-конференция ўтказиб, унда Ливанга кўмак масалалари муҳокама қилинди. Ўнлаб мамлакатлар ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини айтишди. Саммит коммюникесида кўрсатиладиган ёрдам миқдори қайд қилинмаган, аммо Франция президенти идорасининг баёнот беришича, умумий ҳисобда 298 миллион доллар жалб қилинади. Жаҳон етакчилари Ливан аҳолисига тўғридан тўғри ёрдам кўрсатишларини айтишди, бу маҳаллий коррупция эътиборга олинган ҳолда “максимал даражада самарали ва шаффоф бўлар экан”.

Ливан расмийларининг фикрича, портлаш туфайли 15 миллиард доллар миқдорида зарар кўрилган. Айтилишича, порт ҳудудида бир неча йилдан бери хавфсиз бўлмаган жойда сақлаб келинаётган аммиак селитраси портлаган. Аввалига пайдо бўлган умидсизлик кейинчалик ғазабга айланди, норозилик намойишчилари ҳодисани сиёсий элитанинг самарсиз бошқаруви ва совуққонлигининг яққол намунаси эканлигини айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG