Ссылки доступа

Таълим вазирлиги: Тожикистонда ўқув йили 17 августдан санитария нормаларига риоя қилган ҳолда бошланади


Тожикистон фан ва таълим вазирлиги мамлакат мактабларидаги ўқув йили 17 августдан бошланишини эълон қилди. Мактаб машғулотлари санитария-эпидемиологик нормаларига ва ижтимоий масофага риоя қилинган ҳолда ўтади, деб хабар беради вазирлик.

Тожикистон фан ва таълим вазирлигининг болалар ҳуқуқлари бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Соҳибназар Сафаровнинг Озодлик радиосига айтишича, янги ўқув йилида таълимни ташкиллаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома вазирлик мутахасссислари томонидан тайёрланган ва 27 июль куни COVID-19 тарқалиши олдини олиш бўйича аксилэпидемиологик чораларни кучайтиришга қаратилган республика штаби томонидан маъқулланган. Ҳужжат мамлакатнинг барча ўқув муассасаларига жўнатилган.

"Санитария-эпидемиология меъёрларига ва ижтимоий масофага риоя қилиш мактаб ўқувчиларининг соғлиғи учун жуда муҳим. Ўқув муассасаларида етарли миқдорда антисептиклар сақланиши керак. Барча мактаблар тоза сув, совун билан таъминланиши шарт. Санитария хавфсизлиги чораларига риоя қилиш жуда қаттиқ назорат остига олинади, шу жумладан, мактаб ўқувчилари орасида масофа сақлаш ҳам. Янги қоидаларга кўра, жисмоний тарбия, қўшиқ ва ашула, базавий ҳарбий тайёргарлик дарслари имконли бўлса, синфдан ташқари хоналарда ўтказилади, спорт заллари, конференц-заллар ва бошқа ёрдамчи иншоотлар вақтинча синф хоналари сифатида ишлатилади", - дейди амалдор.

Соҳибназар Сафаровнинг қайд этишича, дарслар давомийлиги ўзгаришсиз қолади: биринчи синфлар учун – 35 дақиқа, қолганлар учун – 45 дақиқа. "Аммо зарур бўлган тақдирда, республика штаби билан биргаликда чоралар кўрилади – мактаб дарслари вақти ва синф хоналарида ўқиётганлар сони қисқартирилиши, сўнгги чора сифатида масофавий таълим ўтиши мумкин. Барча ўзгаришлар тўғрисида халқ таълими вазирлигининг маҳаллий бўлимларига хабар қилинади", - қўшимча қилди у.

Халқ таълими вазирлиги вакилининг қайд этишича, мамлакатда ўрта мактаблар ва олий таълим даргоҳларини компьютерлаштириш юзасидан ўқув даргоҳларини компьютер ва интернет билан таъминлаш ишлари давом этмоқда. "Барча мактаблар электрон интерактив доскалар билан таъминланди. Зарур бўлган тақдирда, мен айтиб ўтганимдек, ўқувчиларни масофавий таълимга ўтказамиз. Қайд этмоқчиманки, талантларни ривожлантириш Маркази барча фанлар бўйича видеодарслар тайёрламоқда. Маҳаллий телеканаллар бўйича айрим дарслар кўрсатилади. Боз устига, биз дарсликларнинг электрон версиясини тайёрлаганмиз – у барча мактаб ўқувчилари учун очиқ ", - қўшимча қилади Соҳибназар Сафаров.

XS
SM
MD
LG