Ссылки доступа

Туркманистонда ака-ука эътиқодлари учун икки марта ҳукм қилинди


Туркманистонда эътиқодлари туфайли қўлларига қурол олмаслик учун ҳарбий хизматдан воз кечган фуқаролар панжара ортига ташланишда давом этмоқда.

Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг фикрича, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда маҳбуслар кўпчиликни ташкил қиладиган мазкур мамлакатда фуқаролар учун муқобил хизматни ташкил қилиш керак.

Туркманистон дунёвий ва ҳуқуқий давлат бўлиб, ҳар бир фуқаро ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки бирор бир динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Бироқ, Туркманистон мунтазам равишда диний камчилик вакилларини таъқиб қилганликда ва Ислом динига эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини чеклаганликда танқид қилинади.

Иегова гувоҳлари ташкилоти матбуот котиби Джаррод Лопеснинг Азатлиқ радиосига йўллаган мактубида таъкидланишича, Туркманистоннинг икки нафар фуқароси ўзларининг диний эътиқодлари учун қамоққа ҳукм қилинган, бундан ташқари ака-ука Сабуровлар айни айб билан иккинчи бор ҳукм қилинган.

Хабарларга кўра, Иегова гувоҳлари ташкилотининг аниқлашича, туркман суди 6 август куни 21 ёшли Элдор Сабуров ва 25 ёшли Санжарбек Сабуровни икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилган. Ака-укалар диний эътиқодлари сабаб ҳарбий хизматдан бўйин товлашган.

Диний ташкилот вакилининг ёзишича, айни дамда Туркманистонда диний қарашлари учун жазога тортилган ўн нафар фуқаро бор. Бироқ, Туркманистонда эътиқодлари учун панжара ортига ташланганлар сони анча кўпроқдир.

Туркманистонда ака-ука Сабуровларнинг муаммоси анча йиллардан бери давом этиб келади. Диний ташкилот маълумотига кўра, Санжарбек Сабуров илк бор ҳарбий хизматга 2016 йилда чақирилган эди, аммо қўлда қурол билан ҳарбий хизмат ўташдан воз кечди ва икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Акаси сингари Элдор ҳам ҳарбий хизматдан бўйин товлади ва икки йил муддатга маошидан 20 фоиз ушлаб қолиш билан аҳлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.

Хабарда таъкидланишича, икки ёш йигитни қамоққа ташланиши уларнинг оиласи учун катта зарба бўлди, уларнинг ота-онаси қишлоқ жойда истиқомат қилиб деҳқончилик билан шуғулланишади.

«Уларнинг отаси касал, хроник касалликдан азият чекади, шу сабабли меҳнатга лаёқати чекланган. Ака-ука пахта етиштириш билан шуғулланиб оилани боқарди. Ака-ука панжара ортига ташлангани боис уларнинг ота-онаси моддий ёрдамдан маҳрум бўлди. Энди эса ота-она қамоқдаги фарзандлари ҳақида қайғуришлари керак», дея ёзди Иегова гувоҳлари вакили Джаррод Лопес Азатлиқ радиосига йўллаган мактубида.

Унда таъкидланишича, шу кунга қадар Иегова гувоҳларининг судланган бошқа аъзолари қатори ака-ука Сабуровлар давлат олдидаги мажбуриятдан бўйин товламаган, фақат ўзларига муқобил хизмат учун имконият яратиб берилишини сўрашган, холос. Бироқ, Туркманистон расмийлари бу каби шароит яратиб беришни истамаяпти ва одамларни қамоққа ташлашни афзал кўрмоқда.

«Human Rights Watch» халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотининг Марказий Осиё бўйича бўлими директори Рейчел Денбернинг фикрича, «туркман расмийлари Элдор ва Санжарбек Сабуровларга нисбатан қўйилган айбларни зудлик билан қайтариб олишлари керак».

XS
SM
MD
LG