Ссылки доступа

Норозиликлардан сўнг Ливан ҳукумати истеъфога кетди


Байрут портида юз берган портлашдан сўнг бошланган оммавий норозиликлар туфайли Ливан ҳукумати истеъфога кетди, дея ёзади Associated Press соғлиқни сақлаш вазири Хамед Ҳасанга таянган ҳолда. У бу ҳақда ҳукумат мажлиси якунлари бўйича маълум қилди.

"Ҳукумат тўлалигича истеъфога чиқди", – деди Ҳасан. Вазир қўшимча қилар экан, бош вазир Ҳасан Диаб барча вазирлар номидан истеъфога чиқаришни сўраш учун президент Мишел Аун қароргоҳига йўл олишини таъкидлади.

Бундан аввалроқ Ливан адлия вазири Мари -Клод Наджем, Ахборот вазири Манал Абдел Самад, атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича вазирлик раҳбари Дамианас Каттар ва Молия вазири Гази Вазнилар истеъфога чиқишларини эълон қилган эдилар.

Ўтган дам олиш кунлари мамлакатда бўлиб ўтган норозилик намойишлари куч ишлатиш салоҳиятига эга идора ходимлари билан тўқнашувларга айланиб кетди, бунинг оқибатида юзлаб кишилар жароҳат олди. 9 август куни маълум қилинишича, намойишчилар бир нечта ҳукумат биноларини эгаллаб олди, аммо полиция биноларни озод қилишга муваффақ бўлди. Ҳарбийлар ва полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланди, шунингдек жангавор патронлар қўлланилган ҳолда отишма бўлгани маълум қилинди. Акциялар иштирокчилари ҳукумат истеъфога чиқишини ва портда сақланаётган юк хавфсизлигини таъминламаган айбдорлар жазога тортилишини талаб қилдилар.

5 август куни Байрут портида 2014 йилдан бери сақланаётган бир неча тонна аммиак селитраси портлади. Байрут портида юз берган портлаш оқибатида камида 158 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишиларнинг бедарак йўқолгани айтилмоқда. 250 мингга яқин киши бошпанасидан айрилди. Шаҳар фожиа зонаси дея эълон қилинди, шифохоналар тўлиб кетди. Ҳукумат шаҳарни қайта тиклаш учун бир неча миллиард доллар кераклигини маълум қилди.

Ливанда бир йилдан бери оммавий норозиликлар давом этмоқда: одамлар иқтисод аҳволи ёмонлашаётгани ва миллий валюта қадрсизланаётгани, шунингдек юзага келган сиёсий инқирозга нисбатан ўз норозиликларини билдиришмоқда. Коронавирус тарқалиши боис жорий қилинган карантин чоралари иқтисодиётга янада зарба берди ва мамлакат дефолт ёқасига келиб қолди.

XS
SM
MD
LG