Ссылки доступа

Бишкекдаги суд: Бобомурод Абдуллаев 8 сентябрга қадар ҳибсда қоладиган бўлди (видео)


Бишкекдаги Биринчи май туман суди судьяси Абдразақ Бўрўмбаев ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевни жорий йил 8 сентябригача ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарди.

Журналист бу вақт оралиғида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов ҳибсхонасида тутиб турилади.

Б. Абдуллаевнинг адвокатларидан бири Тимур Султанов маҳкамадан сўнг ҳимоя тарафи суд қароридан қониқмаганини билдирди.

“Биз адвокатлар суд қарорини ноқонуний ва асоссиз, деб ҳисоблаймиз. Чунки Жазо-процессуал кодекси меъёрлари қўпол равишда бузилди. Шу важдан апелляция тартибида Бишкек шаҳар судига ариза киритамиз”, деган Т. Султанов бу иш келаётган 5 кун ичида амалга оширилажагини қайд этди.

Журналист Б. Абдуллаев маҳкамага кириб келиш чоғида маҳаллий журналистлар саволларига жавоб бераркан, ўзининг мутлақо асоссиз қўлга олинганини қайд этди.

“Мени Ўзбекистоннинг сўрови билан қўлга олишибди. Сўровда гўё менинг “Қора мерган” тахаллуси билан мақолалар ёзганим айтилибди ва улар ҳатто 23 июль куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида бу бўйича сиртдан айблов чиқаришиб, бу ёққа жўнатишибди. Айблови етиб ҳам келибди бу ёққа”, деган Бобомурод Абдуллаев ўзининг “Қора мерган” саҳифаларига ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини қўшимча қилди.

Айни пайтда Б. Абдуллаев қўлга олинган 9 август куни ҳам, у тергов ҳибсхонасида сақланиб, кейинроқ судга олиб келинган 10 август куни ҳам “Қора мерган” тахаллуси билан ёзаётган киши Телеграм-каналида янги ёзувлар пайдо бўлиб турди.

Аввалроқ Б. Абдуллаев YouTube видеопорталидаги ўз каналида айрим блогер ва ёзувчилар уни “Қора мерган” тахаллуси билан ёзаётган киши ўлароқ гумон қилаётганларини, бироқ ўзининг у одам эмаслигини таъкидлаб, чиқиш қилган.

Журналистнинг адвокатларидан яна бири Тимур Карабаев бугунги суддан кейин Бобомурод Абдуллаевнинг Ўзбекистонга топширилишига оид қарорни Қирғизистон Бош прокуратураси чиқариши мумкинлиги, ҳимоя томонидан шикоят аризаси киритилган тақдирда бу иш келажакда судда кўрилажагини маълум қилди.

Бу орада Б.Абдуллаевнинг учинчи адвокати Наталья Котик аввалроқ БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари ваколатхонасига ўз мижози томонидан бошпана сўраб, ариза топширилгани, унда ўзбекистонлик журналист Қирғизистонда ҳаёти учун таҳдид пайдо бўлганию ўзининг хавфсиз учинчи мамлакатга кўчирилишида халқаро ташкилотдан кўмак сўраганини билдирди.

Бобомурод Абдуллаев 9 август оқшомида Бишкекдаги кафелардан бирида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида Озодликка унинг адвокати Тимур Карабаев маълум қилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси масъули Рахат Сулайманов эса Озодликнинг қирғиз хизматига қидирувга берилган Б. Абдуллаев 8 август куни Ўзбекистоннинг сўровига кўра ушланганини билдирган.

Маълумотларга кўра, Бобомурод Абдуллаев Қирғизистонга шу йил февралида Марказий Осиёдаги Америка университети таклифи билан 4 ойлик ўқишга келган. Аммо коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ёпилиб қолгани важидан у ўқишини давом эттириш учун Европага учиб кетолмай қолган.

XS
SM
MD
LG