Расмий хабарда айтилишича, COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган 500 дона кислород концентратори ҳамда 5 мингта пульс оксиметрлари олиб келинди. Ҳозирга қадар 12 мингдан ортиқ захира ўринлари ҳозирлаб қўйилди.
“Тиббиёт масканларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланяпти. Уч ойлик дори-дармон захираси учун 10 миллиард сўм маблағ ажратилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан қарийб уч миллиард сўм маблағ эвазига Хитойдан кислород концентраторлари ва пульс оксиметрлари олиб келинганлиги ҳам ана шу ишларнинг узвий давомидир. Мазкур тиббий жиҳозлар захира жой учун тайёрлаб қўйилган масканларга топширилди”,- дейилади расмий маълумотда.
Аввалроқ Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бу каби жиҳозларни ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилишини эълон қилгани ҳақидаги видеони ҳам тарқатган.
Видеода Шуҳрат Ғаниев Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасидаги тақсимлаш марказида кислород концентраторларини ўрнатиш жараёнини билан танишгани акс этган.
-Вилоятимизда тайёрланган захира ўринларига бу кислород концентраторлари ва пульс оксиметрларининг биринчи қисми етказилмоқда. Шунингдек, бу каби зарур жиҳозлар билан барча тиббиёт масканларимизни таъминлаш тадбирларини кўрганмиз. Бундан ташқари, яқин кунларда “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида худди шундай тиббий жиҳозларни ишлаб чиқарадиган йирик корхона ишга туширилади. Вилоятимиздаги барча шифокорлар ва тиббиёт ходимлари бепул пульс оксиметрлари ва бошқа керак тиббий жиҳозлар билан таъминланади, -деб айтган видеода вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бир дона кислород концентратор нархи барча ҳаражатлари билан 4 милион 200 сўм, бир дона пульс оксиметри эса 150 минг сўмга тушди.