Ссылки доступа

Тожикистонда аскар ўлими факти бўйича унинг тўрт нафар хизматдоши қўлга олинди


Архивное фото

Тожикистон Мудофаа вазирлигининг 87740 ҳарбий қисмида хизмат ўтаган аскар ўлими факти юзасидан марҳумнинг тўрт нафар хизматдоши қўлга олинган.

22 ёшли Рамазон Зоировнинг жасади июль охирида унинг ота-онасига топширилган. Уларга ўғиллари қурол ўйнаб ўтирганда тўсатдан ўзини отиб қўйганлигини ва ҳарбий госпиталга олиб кетилаётган пайтда йўлда вафот этганини айтишган, аммо яқинлари бу версияни шубҳа остига олишмоқда.

Хатлон гарнизонининг ҳарбий прокуратураси терговчиси 11 август куни Мудофаа вазирлигининг 4 нафар ҳарбий хизматчиси қўлга олингани тўғрисидаги хабарларни тасдиқлади, лекин терговга ҳалал бермаслик учун аскарлар исмини айтмади. «Уларни хизмат низомини суистеъмол қилиш, хизмат ваколатларидан четга чиқиш ва қонун билан белгиланган ҳарбий хизматчилар ўртасидаги муносабатлар қоидаларини бузишда айблашмоқда», - қайд этади суҳбатдош.

Қўлга олинган аскарлар вақтинча сақлаш изоляторида сақланмоқда, уларнинг айби тасдиқланган тақдирда 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

Рамзон Зоировнинг отаси Қиёмиддин Зоировнинг хабар беришича, ўтган пайшанба куни уни Хатлон вилоятининг ҳарбий прокуратурасига чақиришган ва унинг ўғли ўлими муносабати билан тўрт киши қўлга олинганини хабар беришган. «Улар хизмати тугашига икки ой қолганди. Айбланувчилар гўёки Рамазонни азоблашган ва охир-оқибат ҳаммаси унинг ўлими билан якун топган», - дейди у.

«Терговчилар мендан Рамазон телефон суҳбатларида хизматдошлари томонидан шафқатсиз муомалада бўлингани юзасидан шикоят қилгани ёки йўқлигини сўрашди, мен йўқ, деб жавоб бердим», - дейди Қиёмиддин Зоиров.

Рамазон Зоиров армияга ўтган йили чақирилган ва Хатлон вилоятининг Абдураҳмон Жомий тумани ҳудудидаги Мудофаа вазирлигининг 87740 ҳарбий қисмида хизмат қилган. Қисм раҳбари яқинларига уларнинг ўғли постда турганда тўсатдан кўкрак қисмига ўқ узганини хабар қилган.

«Ўғлим жасадини келтиришганида, тана ювилганини ва кафанга ўралгани ва зудлик билан дафн маросимини ўтказиш борасида огоҳлантиришди. Аммо мен шубҳаландим ва биз жасадни қайтадан ювдик. Кўрдикки, ўқ орқа томондан ўтган. У ўзини отмагани яққол кўриниб турарди», - дейди Қиёмиддин Зоиров.

Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Фаридун Маҳмадализода олдинроқ айтишича, ҳарбий прокуратура томонидан Рамазон Зоиров ўлими юзасидан тергов ўтказилмоқда, бунинг натижасида ўлим сабаби аниқланади.

«Олдин ҳам эҳтиётсизлик бўйича аскарлар ўлими ҳодисалари бўлган. Кўп аскарлар қурол билан ўйнашади, бу айрим ҳолларда фожиага олиб келади. Ота-оналар юз берган ҳодисани эҳтиёткорлик билан қабул қилади. Лекин тергов ўтказилади ва ўлим сабаби аниқланади. Биз тергов натижаларини кутамиз», - дейди у.

XS
SM
MD
LG