Ссылки доступа

Беларусда умумиллий иш ташлашга даъват янгради


Козлов номидаги Минск электротехника заводи ишчилари иш ташлашга чиқмоқда, дея хабар берди Nexta телеграм канали. Бундан аввал Беларусда барча корхоналар 11 августдан бошлаб муддатсиз иш ташлашларга даъват қилинган эди.

Умуммиллий иш ташлашлардан кўзланган мақсад – "Светлана Тихановскаяни янги президент дея тан олиш, барча сиёсий маҳбусларни озод қилиш, қайтадан адолатли сайловлар ўтказишдан иборат ", дея хабар бердибелорусс телеграм-каналлари.

"Яқин йилларда сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар режалаштирилмаган. Биз бунга чидашдан чарчадик ва умуммиллий иш ташлаш эълон қиламиз – бу Конституцияда мустаҳкамланган норозилик имкониятидир. Бунинг учун бизларни ушлашмайди, ҳаммани ишдан бўшатишнинг иложи йўқ", – деган чақириқлар Тармоқда янгради.

Куни кеча Беларусда президентлик сайловининг расмий натижаларига қарши оммавий норозиликлар давом этди. Одамлар баррикадалар қуришга уриндилар. Куч ишлатиш тизими ходимлари томонидан норозилик намойишлари тарқатилиши вақтида бир киши ҳалок бўлди. МСК томонидан 10 август куни эълон қилинган дастлабки натижаларга кўра, Александр Лукашенко 80,8% фоиз овоз олди, унинг асосий рақиби Светлана Тихановская – 10,09% овозга эга бўлди. Унинг штаби расмий натижаларни тан олмади ва Тихановская МСКка шикоят аризасини берди. Марказий сайлов комиссиясида давлат идоралари вакиллари билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг Тихановская баёнот бериб "қарор қабул қилганини" айтди ва номаълум йўналиш бўйлаб жўнаб кетди. Бугун маълум бўлишича у ҳозир Литвада бўлиб турибди.

Беларусда президентлик сайловларидан сўнг кузатилган оммавий норозилик намойишлари вақтида бир нечта журналист, жумладан россиялик журналистлар алоқага чиқмай қўйди.

Бир неча кундан бери "Медуза" журналисти Максим Солопов билан алоқа йўқ. У Минскда якшанба куни кечқурун ушланди, ҳамкасбларининг сўзларига қараганда, у қаттиқ калтакланган. Унинг қаердалиги маълум эмас. "Правозащиты Открытки" адвокати Антон Гашинскийнинг тахминига кўра, Солопов Жодинодаги СИЗОда бўлиши мумкин. Хуқуқ тартибот идоралари Солопов ҳақида маълумот бермади.

Душанба куни шунингдек, "Россия сегодня" Ахборот агентлиги фотомухбири Илья Питалев билан алоқа йўқ. Ўтган куни кечқурун Белорусснинг "Наша Нива" нашри бош муҳаррири Егор Мартинович ҳам ушланди. У ҳамкасбларига SOS сигналини юборишга улгурди. Шундан сўнг у билан алоқа йўқолди.

Душанба куни норозиликларни ёритган "Наша нива" мухбири Наталья Лубневская резина ўқдан яраланди. Журналист шифохонага ётқизилди.

"МБХ медиа"нинг хабар беришича, нашр мухбири Александр Скрыльников ҳам яраланди.

XS
SM
MD
LG