Ссылки доступа

Нур-Султонда кўп болали оналар 21 минг тенге миқдоридаги нафақалар қайтарилишини талаб қилди


Нур-Султонда 11 август куни ўттиздан ортиқ кўпболали оналар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги олдида тўпландилар ва вазир Биржан Нуримбетов билан учрашишни талаб қилдилар.

Кўп болали оналар, ёлғиз-оналар, шунингдек ногирон фарзандлари бўлган оналар 21,5 минг тенге (50 долларга яқин) нафақа қайтарилишини, кам таъминлаган оилалар турар-жой билан таъминланишини, ота-оналарнинг рухсатисиз болаларни эмлаш тақиқланишини талаб қилдилар.

- Олти нафар фарзандим бор. Ертўлада яшаймиз. Давлат бизга ёрдам бермаяпти. Ҳатто манзилли ижтимоий ёрдам ҳам бермаяпти. Даромадимиз 42 минг тенгедан ошиб кетишини айтишади. Атиги 2 минг тенге «ошиб кетади». Нима учун давлат кўпболали оналарни қўллаб-қувватламайди? – дея сўрайди оналардан бири Қуралай Алиясова.

Вазирлик олдида тўпланган аёллар: «Нуримбетов, чиқ!» дея бақирдилар. Уларнинг таъкидлашларича, фаол аёлларга ҳукумат босим ўтказаётган экан.

- Қачонки биз шу каби муассасалар олдида тўпланар эканмиз, ҳамиша бизга босимлар бўлади. Фуқаро кийимида бўлган одамлар бизларни видеога олади ва исмларимизни сўрашади. Биз буни босимнинг кўринишларидан бири деб ҳисоблаймиз, - дея эътироз билдиради ғазабланган аёллардан бири.

Фуқаро кийимида бўлган одамлар бу гал ҳам уларни камерада суратга олишди, аммо ўзларини таништиришни исташмади. Вазирлик олдида автозак турарди, унинг ичида эса махсус бўлинма ходимлари ўтиришарди. Бироз ўтиб аёлларнинг олдига вазирлик вакили чиқди ва вазир Биржан Нуримбетов бошқа бир бинода мажлисда эканлигини айтди.

«Унинг вақти йўқ. Ўз талабларингизни ёзинг ва бизга почта орқали юборинг» деди у. Бу таклиф кўпболали оналарни қаноатлантирмади – улар вазир билан учрашишга қарор қилишди. 11 август куни кечқурун аёллар тунни вазирлик олдида ўтказишларини айтишди.

Янги қоидаларга кўра, ҳукумат ҳар ойда даромад ёки ижтимоий ҳолатидан қатъий назар кўпболали оилаларга нафақа тўлаши керак. Айни дамда ҳукумат тўрт болали оилаларга 42 496 тенге миқдорида (ҳар бир бола учун 10 500 тенге), беш болали оилаларга 53 127 тенге, олти болали оилаларга 63 757 тенге, етти ва ундан кўп болали оилаларга 74 388 тенге миқдорида нафақа беради. Манзилли ижтимоий нафақалар қашшоқлик ва ўртача яшаш даражаси қандай бўлишидан қатъий назар берилади. Кўп болали оилалар бу қарордан рози эмас. Улар ҳар бир бола учун 21 минг тенге миқдорида нафақа қайтарилишини талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG