Ссылки доступа

Олмаота суди фаол аёл Асия Тулесова эркинлигини чеклади


Олмаота суди фаол Асия Тулесовани ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик ва ҳақоратлашда айбдор деб топиб бир ярим йилга эркинлигини чеклашга ҳукм қилди.

Медеу туман суди қарорини чоршанба куни эрталаб эълон қилди. Суд Тулесовани сақлаб турилган ЛА-155/18 тергов турмасидан зудлик билан озод қилишга, шунингдек, Тулесовани 8 июндан 12 августгача қамоқда ушлаб турилган вақтини бир кун ҳисобидан икки кунлик эркинлигини чеклаш деб ҳисоблашга қарор чиқарди. Қамоқда ушлаб туриш чорасини суд ҳеч қаерга бормаслик ва ўзини тегишли тартибда тутиш кўринишига алмаштирди. Суд яна ундан жабрланувчига товон тўлаш фондига 41670 танга (100 доллар атрофида) ундиришга қарор қилди. Ҳукм ҳозирча қонуний кучга киргани йўқ.

Иш юзасидан прокурор бир кун олдин Тулесовага колонияда жазони ўташ шарти билан бир йиллик озодликдан маҳрум этиш жазосини сўраган. Унга кўра, Тулесованинг айби иш юзасидан жабрланувчи сифатида чақирилган олти нафар полициячининг кўрсатмалари билан тасдиқланмоқда.

Мунозаралар чоғида адвокатнинг айтишича, таркибида жиноий ҳуқуқбузарлик йўқлиги учун Тулесованинг оқланиши – реабилитация ҳуқуқи тан олинган ҳолда оқланишини талаб қилади. Ҳукм эълон қилинганидан кейин ҳимоя томони суд қароридан норози эканини ва уни юқори судларда даъво қилишини айтди.

– Ҳукмга қўшилмайман. Биз апелляцияга берамиз. Ҳар қандай ҳолатда биз Тулесованинг оқланишига эришиш учун саъй-ҳаракат қиламиз, – дейди Озодликка Тулесованинг адвокати Жохар Утебеков.
Ҳукм эълон қилиниши арафасида суд биносига уни қўллаб-қувватлаш учун фаолнинг тарафдорлари келишди. Айблов ҳукмини улар “Судьяга уят!” ҳайқириқлари билан кутиб олишди. Жараён якунланганидан кейин фаол аёлнинг қариндошлари ва тарафдорлари, шунингдек, ОАВ вакиллари уни дарвоза олдида кутиб олиш учун вақтинча сақлаш изолятори томон йўл олишди.

Тулесовага 6 июнь кунги ўнлаб кишилар митингга чиққан Олмаота марказидаги қўлга олишлар чоғида ҳокимият вакилига нисбатан “ҳақоратлаш” ва “куч ишлатиш” айбловини қўйишди. Тулесовага қарши айблов асоси — у полициячи бош кийимини уриб тушириб юборган ҳолат акс этган қисқа видеоёзувдир. Судда сўнгги сўзида фаол полиция ходимлари томонидан куч қўлланилишига жавоб қайтарганини айтиб, фуқароларнинг тинч йиғилиш ҳуқуқи “ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ҳам ўзини тинч тутишни назарда тутади” деб ҳисоблашини қўшимча қилди.

Тулесовани изоляторга 9 июндаги у қарши чиққан муддатидан илгари президентлик сайлови санасига бир кун қолганида тиқишди (намойиш иштирокчиларининг минглаб қатнашчилари қўлга олиниши билан кузатилган сайловлар, мустақил кузатувчилар хабарига кўра, кўп сонли қонунбузарлик билан ўтган. Нурсултон Назарбоевнинг номзоди Қосим-Жомарт Тоқаев ғолиб деб эълон қилинди). 10 июнь куни суд унинг қамоққа олинишига санкция берди, аммо ўшандан бери ҳибс муддатини узайтириб туришди. Адвокатнинг жазо чорасини озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган чора билан узайтириш тўғрисидаги аризасини суд рад этди.

Бир неча халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Қозоғистон расмийларини Асия Тулесовани озод этишга чақирдилар ва фаолнинг қўлга олинишини асоссиз деб атамоқдалар.

XS
SM
MD
LG