Ссылки доступа

Сўғдда COVID-19 беморлари сони ошмоқда. Тожикистон касалликнинг “иккинчи тўлқини”ни тан олмаяпти


Сўғд расмийларининг айтишича, охирги ойда вилоятда коронавирус билан оғриганлар сони камида икки баробарга ошган. Бироқ COVID-19 касалларининг умумий сони хабар қилинмаяпти.

12 июл куни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича вилоят штаби мажлисида хабар қилинишича, "агар олдин вилоят касалхонасига коронавирус аломати билан бир-икки мижоз мурожаат қилган бўлса, энди улар сони кунига 8-9 беморни ташкил этади".

3 августда Хўжанд администрацияси матбуот хизмати Сўғд соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Маъруф Хожибоевга таяниб хабар беришича, сўнгги 10 кун кузатишлари пневмония ва коронавирус касаллари сони ошиб бораётганини кўрсатган.

Хожибоевнинг 11 август куни Озодлик радиоси билан суҳбатда айтишича,бугунги кунда вилоят касалхонасида 26 киши карантинда қолмоқда, аммо СOVID-19 беморларининг сонини хабар қилмади. Унга кўра, бундай ахборотни мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этиши мумкин.

Хўжандда икки шифохона COVID-19 корнавирусига йўлиққан касалларни қабул қилиш ва даволашга мослаштирилган. Сешанба, 11 август куни Сўғд вилоят шифохонаси ва Хўжанд юқумли касалликлар шифохонаси тиббий ходимларининг хабар қилишларича, охирги кунларда тобора кўпроқ беморларни COVID-19 гумони билан ётқизишмоқда. Вилоят касалхонасининг лабораторияси ходими исмини ошкор қилмаслик шарти билан хабар беришича, сўнгги кунларда 8-10 нафардан пневмония ва коронавирус беморларини келтиришмоқда.

Хўжанд инфекцион шифохонаси бош врачи Рустамжон Бўрибоев ва Сўғд вилоят касалхонаси бош врачи Баходур Мўминов COVID-19 беморлари сони ошиб бораётгани ҳақидаги хабарларни рад этишди. «Бундай хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас. Агар сизга ишончли ахборот керакли бўлса, соғлиқни сақлагш бошқармасига мурожаат қилинг», - дейди Мўминов.

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар куни касалликнинг 40 дан зиёд янги ҳолатлари ҳақида хабар бермоқда, аммо минтақалардаги беморлар сонини очиқламаяпти.

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти мамлакатда коронавирус касаллигининг “иккинчи тўлқини”ни тан олмаяпти, лекин COVID-19 беморлари ёки шу касалликка гумон қилинганлар сони ошиб боришини инкор этмаяпти.

Расмий маълумотларга кўра, 11 август ҳолатига Тожикистонда 7870 нафардан зиёд киши СOVID-19 ни юқтириб олган, 63 киши вафот этиб, 6 653 киши ёки беморларнинг 84,5 фоизи соғайган, аммо аҳолининг кўпчилиги расмий статистикага ишончсиз муносабатда.

XS
SM
MD
LG