Ссылки доступа

Туркманистонда қишлоқ аҳли нон учун шаҳарга боришга мажбур


«Сиз, шаҳарликлар арзонлаштирилган нархда нон сотиб оласиз. Бизнинг фарзандлар ҳам нон ейишини истайди», демоқда озиқ-овқат маҳсулотлари учун навбатда туришар экан шаҳарликлар билан низога борган қишлоқликлар», дея хабар беради мамлакатдаги озиқ-овқат инқирозини ёритган мухбир.

Озиқ-овқат етишмовчилиги кузатилаётган Туркманистондаги қишлоқ аҳли нон ва шакар сотиб олиш учун шаҳарга боришга мажбур бўлмоқда, бу ўз навбатида шаҳарликлар ва қишлоқликлар ўртасида можароларга сабаб бўлмоқда. Туркманистонда бу каби вазият сўнги бор 1990-йиллар бошларида кузатилган эди.

Бу галги нон етишмовчилиги Туркманистон ҳукумати ғалла тайёрлаш давлат режаси бажарилганлиги борасида берган баёноти фонида кузатилмоқда. Туркманистон Давлат ахборот агентлиги июнь сўнгида бу йил мамлакатда 1 миллион 400 минг тонна ғалла етиштирилгани юзасидан ахборот тарқатди.

«Қишлоқ аҳли нон ва шакар сотиб олиш учун яна Ашхободга кела бошлади. Шу сабабли нон сотиб олиш қийинлашди», дея 12 август куни Азатлиқ мухбири хабар берди.

«Бугун эрталаб дўконга нон сотиб олиш учун бордим. Навбат катта эди. Сотувчи бир қўлга иккитадан ортиқ нон сотилмаслигини айтиб бақирарди, чунки нон учун қишлоқдан келганлар бештадан, ўнтадан буханка сотилишини сўрашарди, улар узоқдан келишганини, аҳволларини тушинишларини ўтиниб сўрашарди», дейди мухбир.

Йироқдан келган қишлоқ аҳли эрталабки нонушта учун икки буханка нон оиласига етмаслигини айтишар ва нон сотишда меъёр белгилаган сотувчига нисбатан норозилик билдиришарди. Аммо норозилик ва ғазаб қишлоқ аҳли ҳамда сотувчилар ўртасидаги можаролар билан чекланмайди.

Ашхободдаги Азатлиқ мухбирининг хабар қилишича, қишлоқ аҳли шаҳарликларга қарши туришга ҳам мажбур бўлмоқда, чунки шаҳарликлар қишлоқдан келиб нон харид қилаётганлар нон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилигини янада мураккаблаштираётганидан норози эканликларини айтишади. Қишлоқ аҳли эса ғаллани етиштириб, ўзлари эса ейишга ҳеч вақо топа олмаётганликларидан шикоят қилмоқда.

XS
SM
MD
LG