Ссылки доступа

Бобомурод Абдуллаевнинг онаси ўғлини озод қилишни сўраб Мирзиëевга мурожаат қилди


Қирғизистон хавфсизлик идораси ҳибсхонасида қолаëтган ўзбекистонлик таниқли журналист Бобомурод Абдуллаевнинг кекса онаси 11 август куни Ўзбекистон президентига видеомурожаат қилиб¸ “туҳмат билан қамалган” ўғлини озод қилишни сўради.

Ўзбекистонлик таниқли журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси¸ 73 яшар Гавҳаржон Мадаминова 11 август куни президент Шавкат Мирзиëевга видеомурожаат қилди.

Гавҳаржон Мадаминова ўғлининг Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман прокуратураси қўйган айблов билан ҳибсга олиниши ортида¸ уни жисмонан йўқ қилиш ҳаракати ëтганидан қаттиқ қўрқувда эканини айтади.

-Болам сизни ҳамма вақт қўллаб-қувватлаб келган. “Мирзиёев бўлмаганда, мен ҳеч қачон озодликка чиқмас эдим, мени Мирзиёев чиқарди”, деган эди. Сиздан илтимосим – мен она сифатида қўрқиб турибман, чунки олдинги суд пайтида тергов изоляторидагилар боламга: “Сен бугун чиқиб кетяпсан, яна сен бизнинг қўлимизга тушасан, янаги сафар бошқача қилиб сени қўлга туширамиз. Сени бир йилга қаматсак ҳам, шу ердан тирик чиқмайсан, суякларингни тош майдалагичда майдалаб, онангга суякларингни жўнатамиз”, дейишганди. Болам бу сўзларни суд залидаям, видеочиқишларидаям айтган эди. Илтимос, менга ёрдам беринг. Мени боламга туҳмат қилиб, қаматиб, уни йўқ қилиб юборишмоқчи. Мен Мирзо Улуғбек туман прокуратураси қўйган айбловдан норозиман. Бу боламга уюштирилган туҳмат, деб биламан.

Журналист ўзбек ҳуқуқ тизимлари томонидан Facebook ва Telegram тармоқларида “Қора мерган” тахаллуси билан тарқатилаëтган чиқишлар муаллифи эканликда айбланмоқда. Кескин мухолифат руҳидаги бу чиқишларда Ўзбекистон олий ҳокимияти¸ хусусан¸ биринчи оила ичидаги низо¸ коррупция¸ қолаверса¸ Шавкат Мирзиëевнинг Бош вазир ва Жиззах вилояти ҳокими лавозимида ишлаган давридаги ишлари ҳақидаги иддаолар илгари сурилмоқда.

Гавҳаржон Мадаминова¸ ўғлининг “Қора мерган”га алоқаси йўқлиги ҳақида қамалишидан олдин махсус видеобаëнот қилгани¸ қолаверса¸ у қамоққа олингандан сўнг ҳам бу чиқишларнинг давом этаëтгани¸ Абдуллаевнинг “Қора мерган”га алоқаси йўқлигини кўрсатишини айтади.

Бобомурод Абдуллаевнинг Бишкекда ҳибсга олингани хабари чиқиши ортидан бир гуруҳ нуфузли халқаро ташкилотлар қирғиз ҳукуматига мурожаат қилиб¸ уни зудлик билан озод этишни сўради.

Баëнотда¸ Қирғизистон ҳукуматига Қийноқларга қарши халқаро конвенция аъзоси сифатида Абдуллаевни қийноқлар мавжуд давлатга жўната олмаслиги¸ қолаверса¸ қочқинлик мақоми сўраган шахсни ҳам у қочган давлатга қайтариш халқаро инсон ҳақлари нормаларига зид экани эслатилган.

10 август куни Бишкекдаги Биринчи май туман суди судьяси Абдразақ Бўрўмбаев Бобомурод Абдуллаевни жорий йил 8 сентябригача ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарди.

Журналист бу вақт оралиғида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов ҳибсхонасида тутиб турилади.

XS
SM
MD
LG