Ссылки доступа

Тожикистон гимни муаллифи коронавирусдан вафот этди


Тожикистон Республикаси гимни муаллифи Гулназар Келди 13 август куни Лучобе қабристонига дафн этилди. Таниқли шоир коронавирус гумони билан шифохонага ётқизилган бўлиб сўнгги вақтларда оғир аҳволда эди ва ИВЛ аппаратига уланган эди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон марҳумнинг яқинлари ва қариндошларига чуқур таъзия билдирди, дея хабар берди давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Тожикистон Халқ шоири билан видолашув маросими 13 август куни Душанбедаги Ёзувчилар уюшмаси биносида бўлиб ўтди, марҳумнинг жанозаси Лучобе қабристонида ўтказилди.

Шоирнинг ўғли Дилписанд Келдиевнинг Радио Озодига айтишича, отаси 13 август куни «Истиқлол» тиббиёт марказида вафот этди ва унинг жасади “тез ёрдам” машинасида олиб келинди.

«Биз катта ҳарфлар билан ёзиладиган Шоирдан айрилдик, у тожик поэзиясининг бошқа намоёндалари – Мўмин Қаноат, Лоиқ, Гулрухсор ва Бозор Собир каби ўз ижодий мактабига эга эди. Сўнги йилларда биз Гулназар билан битта хонада ўтирардик – у Абуабдулло Рудакий номли Тожикистон Давлат мукофоти бўйича Қўмита раисининг ўринбосари бўлиб ишларди. У буюк инсоний сифатларга эга эди, афсус у оғир касаллик туфайли бизни ташлаб кетди», дейди шоир Раҳмат Назри.

Гулназар Келди 1945 йилнинг 20 сентябрида Айний туманининг Дардар қишлоғида туғилган. 1966 йилда Тожик давлат университетининг тожик филологияси факультетини тамомлади ва «Комсомоли Точикистон» («Комсомолец Таджикистана») газетасининг мухбири бўлиб иш бошлади. Орадан кўп ўтмай ёш шоирни «Садои Шарқ» («Шарқ садоси») адабий журналига ишга таклиф қилишди.1975-1977 йилларда Афғонистонда таржимон бўлиб ишлади.1991 йилда «Адабиёт ва санъат» ҳафталик нашрининг бош муҳаррири этиб тайинланди.

1973 йилда СССР Ёзувчилар Уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Гулназар – Тожикистон Ленин комсомоли мукофоти ва Абуабдулло Рудакий номли Тожикистон Давлат мукофоти совриндори, Тожикистон Халқ шоири. Гулназар – Тожикистон Республикаси Давлат гимни матни муаллифидир.

Шоир 2005-2010 йилларда Тожикистон парламенти қуйи палатаси Мажлиси намояндагон депутати бўлган. Абуабдулло Рудакий номли Тожикистон Давлат мукофоти бўйича Қўмита раисининг ўринбосари бўлиб ишларди.

XS
SM
MD
LG