Ссылки доступа

Қозоғистонда карантин 17 августдан юмшатилади


Қозоғистон расмийлари 17 августдан «карантин чораларини босқичма-босқич бекор қилиш режаси»ни қабул қилди.

Давлат комиссияси 13 август куни мажлисида бу қарорни изоҳлар экан, 5 июлдан амалда бўлган такрорий карантин «эпидемиологик вазиятни барқарорлашувига» ва тиббиёт муассасаларида «босимни нисбатан қисқартиришга» имконият берганини маълум қилди. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири матбуот хизмати маълум қилди.

Мазкур баёнотда мамлакатдаги коронавирус инфекцияси пандемиясига оид айрим рақамлар келтирилади. Унда таъкидланишича, «касалликка чалиниш билан боғлиқ кунлик ўсиш тўрт фоиздан ярим фоизгача камайди». Соғайиб кетганлар сони 76 фоизга етди. Койкаларнинг юкламаси «26 фоизни ташкил қилади».

Барлар, кинотеатрлар, музейлар, бассейнлар, аквапарклар, диний объектлар ёпиқлигича қолади. Оммавий тадбирлар, кўргазма ва анжуманлар ўтказиш, шаҳарлараро поездлар қатновига тақиқлар сақланиб қолади. Бундан ташқари дам олиш кунларидаги чекловлар ҳам сақлаб қолинади.

Давлат комиссияси қарорига кўра,17 августдан қуйидагилар очилишига имкон берилади: турли савдо марказлари, тармоқлар ва ёпиқ бозорлар; косметик хизмат соҳаси муассасалари (сартарошхоналар, гўзаллик салонлари ваа ҳакозолар); фитнес-марказлар (бассейнларсиз ва тўлдирилиши 50 фоиз); болалар хоналари ва таълим марказлари (бир гуруҳда беш кишидан ошмаслик керак); болалар боғчаларида навбатчи гуруҳлар (бир гуруҳда 15 кишидан ошмаслиги керак); очиқ ҳаводагиаттракционлар.

Шунингдек, очиқ ҳавода тренировкалар ўтказилишига рухсат берилади ва жамоат транспорти ҳаракати қайта тикланади.

Мамлакатда такрорий карантин 5 июл куни эпидемиологик вазият ёмонлашиши ва коронавирусга чалиниш кўпайиши фонида жорий қилинди. 21 июл кни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой баёнот бериб «вазият барқарорлашуви тенденцияси»ни билдирди. Шу билан бирга икки ҳафтага мўлжалланган чекловлар кейинчалик икки марта узайтирилди.

Сўнгги вақтларда мамлакатда фаолиятлари тикланишига рухсат берилишини сўраган тадбиркорлар ва савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларининг норозилик акциялари кузатилди. Одамлар маблағсиз қолишганини ва хукумат ваъда қилган даромадни йўқотганларга бир ойда бериладиган 42 500 тенгени ололмаётганликларини, бу пуллар яшаш учун етарли эмаслигини айтишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1 августдан «коронавирус кўринишидаги» зотилжамга чалинган, ПЦР тести манфий бўлган беморлар ҳақидаги маълумотларни эълон қила бошлади, аммо улар коронавирус статистикасига киритилмаяпти. Вазирлик ўша санага қадар «коронавирусга йўлдош» зотилжам вирусига чалинганларни ҳам ҳисобга олмаяпти, аммо бу чалиниш COVID-19 эпидемияси оқибати эканлигини тан олмоқда.
ЖССТ сайтида Қозоғистоннинг коронавирус ва зотилжам статистикаси коронавирус зотилжамини 8 август куни бирлаштирди. Унга кўра, Қозоғистонда айни дамда коронавирус билан боғлиқ 117 104 ҳолат ва 1 433 та ўлим қайд қилинган.

XS
SM
MD
LG