Молланепес кўчасида кутилмаганда уюштирилган намойиш иштирокчилари «Сенагат» ва «Дайхан» банклари нақд пул ечиш учун шаҳарга келган қишлоқ аҳлига хизмат кўрсатишни истамаганига норозилик билдирдилар. Азатлиқ мухбири норозилик иштирокчиларидан бир нечтаси билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.
Мари шаҳридаги Молланепес кўчасида жойлашган банклар олдида 12 август куни эрталабдан минглаб одамлар тўпланди. Мазкур кўчада тўртта банк биноси, шунингдек «Гёк базар» бозори ва дўконлар жойлашган. Этрап (туман)ларда анчадан бери банкоматлар ишламаётгани боис қишлоқ аҳли шаҳарга келади ва банк картларидаги пул маблағларини нақдлаштириш учун кечаси билан навбатда турадилар.
Чоршанба куни тахминан 13:00 ларда «Сенагат» ва «Дайхан» банклари олдида турувчиларни банкоматларга фақат Мари шаҳри ва Мари туманида пропискаси бўлганларгина қўйилишидан огоҳлантирдилар, дея хабар беради Байрамалидаги мухбиримиз норозилик иштирокчиларининг сўзларига таянган ҳолда. Бир неча ой муқаддам шу кўчада жойлашган «Туркменистан» банкига тегишли банкоматлар ҳам фақат шаҳар аҳолисига хизмат кўрсата бошлаган эди. Бошқа туманлардан келган аҳоли эндиликда пулларни нақдлаштира олмасликларини билганларидан сўнг ғазабландилар ва норозилик намойишига тўплана бошладилар ҳамда Молланепес кўчасидаги автомобил йўлини тўсиб қўйдилар.
Намойиш иштирокчилари ва гувоҳларнинг Азатлиқ мухбирига айтишларича, намойишчилар олдига банклар ва бозор олдида турадиган ўнлаб полиция ходимлари тезлик билан етиб келди. Аммо намойишчилар уларни қуршаб олди ва бақирган ҳолда ўзларининг норозиликларини билдира бошладилар. Полиция ходимларидан бири дарвоза олдида бақираётган эркаклардан бирини ушлаб олди, бу ўз навбатида ҳукумат вакиллари ва намойишчилар ўртасида қарама қаршиликларга сабаб бўлди. Ўнлаб эркак ва аёллар полиция ходимларини ура кетишди, дейди норозилик иштирокчиларидан бири.
Ярим соат ўтиб ҳодиса жойига қўшимча полиция кучлари етиб келди ва тўполонни тўҳтатишга муваффақ бўлишди. Полиция ходимлари билан муштлашган бир неча эркак ушланди ва ички ишлар бўлимига олиб кетилди. Аммо норозилик акцияси яна бир неча соат давом этди, шундан кейин полиция ходимлари одамларни тарқатишга муваффақ бўлди.
Полиция ходимлари одамларни йўлни тўсиб қўйиш билан ҳеч нарса ўзгармаслигини, чунки банкларда барибир пул йўқлигига ва бўлмаслигига ишонтирдилар, дейди Азатлиқ мухбири.
«Улар шунингдек «ўзларининг маъносиз машғулотларини» тўхтатмайдиган бўлсалар тез орада қўшимча полиция кучлари келишини ва барча қўлга олинишини ҳамда уларга нисбатан жиноий иш очилишини борасида огоҳлантирилдилар. Шунингдек намойиш иштирокчилари агар ораларида бюджет ташкилотлари ходимлари бўлса у ҳолда иш жойига маълумотнома юборилиши ва ишдан бўшатилишидан огоҳлантирилдилар», дея қўшимча қилади намойиш иштирокчиларининг сўзларига таянган мухбир.
13 август эрталабки 6:00да бу банклар олдида кўплаб полиция ходимлари туриб, прописка бўйича талон тарқатишда бевосита иштирок этдилар. Банклар олдида навбатда турган одамлар сони нисбатан камайди, дея хабар беради мухбир.
.
Туркманистонда бюджет ташкилотлари ходимларининг маошлари, пенсия, стипендия, нафақа ва бошқа тўловлар маҳаллий банклар орқали тўлов картларига туширилади. Аммо халқ тилила «пластик» деб номланувчи бу картлардан бозор ва йирик дўконларда фойдаланишнинг имконияти йўқлиги туфайли пулларни нақдлаштириш мамлакатда одатий ҳолга айланди, мамлакатда озиқ овқат тақчиллиги билан бир қаторда нақд пуллар етишмаслиги ҳам муаммолардан биридир.
Нақд пул етишмаслиги билан боғлиқ инқироз ва банкоматларнинг ишламаслиги сабаб туман ва қишлоқлардан келган одамлар туни билан банкоматлар олдида навбатда туришади. Улар бир неча кун навбатда туришларини билган ҳолда ўзлари билан ўтириш учун гилам, термосда чой ва овқат олиб келишади.
Шу йилнинг апрелида Мари шаҳрида кутилмаганда пайдо бўлган норозиликлар кузатилди. 3 апрел куни шаҳар атрофидаги қишлоқлардан келган ўнлаб кишилар озиқ-овқат маҳсулотларининг тақчиллигига қарши оммавий норозиликка чиқишди ва ўшанда Мари вилоятини мамлакатнинг бошқа қисми билан боғловчи автомобил йўлини тўсиб қўйдилар. Улар ун ва бошқа маҳсулотлар билан таъминланишларини талаб қилдилар.