Ссылки доступа

Халқаро ташкилотлар Бобомурод Абдуллаевни озод қилишга чақирди


Журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Чегарасиз мухбирлар” халқаро ташкилоти (RSF) қирғиз расмийларини ўзбекистонлик журналист ва RSF тадқиқотчиси Бобомурод Абдуллаевни зудлик билан озод қилишга чақирди.

Халқаро ташкилот баёнотига кўра, “Чегарасиз мухбирлар” Бобомурод Абдуллаевни Германияга олиб кетиш ҳаракатида бўлган пайтда ўзбек журналисти Қирғизистон хавфсизлик кучлари томонидан расмий Тошкент сўровига биноан қўлга олинган.

Б. Абдуллаев RSF ошиғич кўмак дастури стипендианти бўлиб ҳисобланади ва унинг ҳибсга олиниши ўзбекистонлик журналистнинг Германияга кетиб, режалаб қўйилган ўқишини давом эттиришига монеълик қилган.

“Бобомурод Абдуллаев гўё “Қора мерган” тахаллуси остида ўзбек расмийлари ҳақида танқидий мақолалар ёзгани учун ҳибсга олинибди, у бу иддаони рад қилмоқда. Биз Қирғизистон расмийларини уни зудлик билан озод қилиб, хавф-хатарсиз Германияга етиб олишига имкон беришга чақирамиз. Уни ҳеч бир вазиятда Ўзбекистонга экстрадиция қилиб бўлмайди, чунки у ерда журналист учун қамоқ ва қийноқлар таҳдиди мавжуд”, - деди “Чегарасиз мухбирлар” халқаро ташкилоти вакили Михаэль Редиске.

Ташкилот вакилларига кўра, Б. Абдуллаев Ўзбекистонни 2019 йилнинг ноябрь ойида тарк этган ва Берлинда RSFнинг ошиғич кўмак дастури доирасида уч ой ўқиган.

Кейин у Бишкекда жойлашган Марказий Осиёдаги Америка университетида ўқий бошлаган ва коронавирус пандемияси туфайли Қирғизистондан кета олмаган.

RSF ошиғич кўмак дастури унинг Германияга муваффақият билан қайтишида ёрдам беришга уринганига қарамай, у 9 август куни Бишкекда қўлга олинган.

10 август куни Қирғизистон пойтахтидаги Биринчи май туман суди Бобомурод Абдуллаевни 8 сентябргача ҳибсда сақлаш бўйича қарор чиқарган.

Суд қарорига кўра, журналист бу муддат ичида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасинининг тергов ҳибсхонасида сақланади.

10 августдаги суд олдидан Бобомурод Абдуллаев қирғизистонлик журналистларга ўзбек расмийлари томонидан “Қора мерган” тахаллуси билан ёзаётган шахс сифатида гумонланаётганини айтган, бироқ ўзининг бу тахаллус билан мақолалар ёзганини қатъиян рад этган.

Айни пайтда “Қора мерган”нинг Телеграм тармоғидаги аккаунти Б. Абдуллаев қўлга олинганидан кейин ҳам фаолият кўрсатишда давом этмоқда.

Бобомурод Абдуллаев аввал ҳам YouTube видеопорталидаги ўз каналида айрим блогер ва ёзувчилар уни “Қора мерган” тахаллуси билан ёзаётган киши ўлароқ гумон қилаётганларини, бироқ ўзининг у одам эмаслигини таъкидлаб, чиқиш қилганди.

Қайд этилишича, журналист Б. Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси (“Ўзбекистон Республикаси президентига тажовуз қилиш”) ва 159-моддасида (“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Аввалроқ Amnesty International, Association for Human Rights in Central Asia (AHRCA), Civil Rights Defenders, International Partnership for Human Rights (IPHR), Freedom House, Freedom Now ва Norwegian Helsinki Committee (NHC) каби нуфузли ташкилотлар қўшма баëнот тарқатиб, Б. Абдуллаевга қўйилаëтган айбларнинг “уюштирилган”и¸ у Ўзбекистонга экстрадиция қилинган тақдирда уни қийноқ ва 20 йилгача қамоқ жазоси кутаëтганини билдирган эдилар.

Бундан ташқари, қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists) ҳам Бишкек ҳукуматини Ўзбекистон хавфсизлик кучлари қўлида бундан олдин ҳам қийноққа солинган мустақил журналистни Ўзбекистонга бериб юбориш оқибатларидан огоҳлантирган.

XS
SM
MD
LG