Ссылки доступа

Манбалар: МХХ полковниги Таймураз Алимов қамоқдан чиқиб, ДХХ Қашқадарë вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида ишламоқда


Таймураз Алимов.

Полковник Таймураз Алимов қамоқдан озод қилиниб, 2019 йил охирида ДХХ Қашқадарë вилоят бошқармасига бошлиқ қилиб тайинлангани ҳақида Озодликка ҳукумат доираларига яқин бир биридан мустақил уч мулозим куни кеча маълум қилди.

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида ишловчи мулозимнинг исми сир қолиш шарти билан 13 августда айтишича, “44 яшар Таймураз Олимжонович Алимовнинг исми ДХХ штат жадвалида Қашқадарë вилоят бошқармаси бошлиғи деган лавозим қаршисида турганини" ўз кўзи билан кўрган.

Иккинчи мулозимнинг айтишича, у Таймураз Алимовни вилоят ҳокимлигидаги мажлисдан кўрган. Учинчи мулозим Таймураз Алимовнинг исмини вилоят ҳокимлиги фармойишларидан бирида кўрганини айтди.

Расмийлардан олинган маълумотга таяниб Озодлик 44 яшар полковник Тaймураз Алимов 2018 йилнинг 26 февраль куни ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди.

МХХнинг Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси (2018 йил февралида тугатилган) бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган Таймураз Алимовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-модда, («Қасддан одам ўлдириш»), 301-модда («Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш») ва 230-моддалари («Айбсиз одамни жавобгарликка тортиш») асосида айблов илгари сурилган эди.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин амалдорнинг 13 августда Озодликка айтишича¸ Таймураз Олимжонович Алимов Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси сўровига мувофиқ ҳибсга олинган ва Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторида сақланган.

“2018 йилда Таймураз Алимов устидан хизмат текшируви олиб борилди. Бу пайтда у тергов изоляторида сақланди. Алимов иши ўша пайтдаги Бош прокурор Отабек Муродовнинг шахсий назоратида бўлган. 2019 йилда Алимов қамоқдан сирли равишда қутулиб қолди ва Қашқадарё ДХХси бошлиғи лавозимига юборилди” , деди исми сир қолишини истаган амалдор.

Таймураз Алимов фаолияти билан яқиндан таниш бўлган расмийнинг айтишича¸ у ўз вақтида МХХ раисининг хос буйруқларини бажарувчи алоҳида мавқега эга мулозим бўлган:

"2007 йилдан 2014 йилгача МХХнинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси бошлиғи бўлиб ишлади. 2014 йилдан 2015 йилгача Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси раҳбари ўринбосари бўлган. 2015 йилдан 2017 йилнинг май ойигача Наманган вилоят МХХнинг коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи бўлган. 2017 йил май ойидан 2018 йил 5 февралгача МХХнинг коррупцияга қарши бўлинмаси бошлиғи бўлиб ишлади¸ дейди мулозим.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Таймураз Алимовнинг айнан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси ( «Қасддан одам ўлдириш») бўйича ҳибсга олингани ва Алимовнинг маҳбусларни мунтазам қийнаганига оид маълумотларга эга эканини билдирган эди.

Ҳуқуқ фаоли иддаосига кўра¸ Алимов “МХХ назаридаги исталмаган шахслар¸ сир сақланиши зарур бўлган ҳодиса гувоҳларининг ликвидация қилиниши доирасидаги ишда фигурантдир".

Полковник Таймураз Алимов 2011 йилнинг 11 августида ўша пайтдаги президент Ислом Каримовнинг УП 4356 фармони билан иккинчи даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган.

XS
SM
MD
LG