Ссылки доступа

Олий суд собиқ ходими жасади чамадондан топилди. Уни ўлдирганликда гумонланган юқори лавозимли шифокор қўлга олинди


Жасади чамадон ичидан топилган фуқаронинг ўлимига доир янги тафсилотлар маълум бўлди.

Жасади чамадон ичидан топилган фуқаронинг ўлимига доир янги тафсилотлар маълум бўлди (www.gazeta.uz, 12 август).

Аввалроқ Тошкент вилояти Қибрай туманида саёҳат чамадонидан мурда топилгани, жасад 1968 йилда туғилган, пойтахтнинг Яккасарой туманида истиқомат қилиб келган Ш. Очилов бўлиб чиққани, марҳум илгари Ўзбекистон Олий судида таъминотчи вазифасида ишлагани хабар берилган эди.

Бош прокуратура ҳолат бўйича икки киши гумонланиб ҳибс олинганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Олий суднинг собиқ ходими жорий йил 7 август куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги (РШТЁИМ) таниши Р.Х.нинг олдига борган.

Шифокор Р.Х. Ш. Очилов қабулга келганидан фойдаланиб, уни бўш хонага олиб кириб тиббиёт кушеткасига ётқизган ва бошига тўмтоқ қаттиқ жисм билан урган, сўнг бўғиб ўлдирган.

Жиноятни яшириш мақсадида жасадни ўз йўл чамадонига жойлаштирган ва таниши А.М. (тошкентлик, вақтинча ишсиз) билан Қибрай туманидаги Бўзсув каналига ташлаб кетган.

Тергов идораси қотиллик содир этилишига Очилов томонидан шифокорнинг оиласи ва фарзандларига таҳдид қилингани, шунингдек, рашк каби мотивларни кўриб чиқмоқда.

Қотилликда айбланиб ҳибсга олинган Р.Х. 2009 йилдан буён РШТЁИМда раҳбар лавозимда ишлаб келган. Тергов давомида суд-тиббиёт, суд-биологик, дактилоскопик ва суд-кимёвий экспертизалар ўтказилиши кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG