“Уни қўлга олишганидан кейин у мени ўлдириш билан таҳдид қилди. Тасаввур ҳам қилолмайсиз, мен ҳозир қандай вазиятдаман. Мен қашшоқ ва саводсиз бўлсамда, кўзим қорасини хафа қилдириб қўймайман», дейди 34 ёшли А.Б.
Тожикистон ички ишлар вазирлиги 5 август куни тожик телевидениеси орқали берилган репортажда “Хожи Давлат” номи билан машҳур Давлатманд Касировнинг қамоққа олинганини хабар қилди. Пойтахтнинг Сино туманида яшовчи 46 ёшли кимса алдов йўли билан ва унинг ота-онаси рухсатини ҳам сўраб ўтирмай, 12 ёшли қиз билан диний никоҳ ўқитган, дейилади репортажда.
Маълум бўлишича, Касировга нисбатан Тожикистон Республикаси Жиноят Кодексининг 142 ва 170 моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган – у вояга етмаган қизга нисбатан бузғунчилик содир этиш ва қўшхотинликда айбланмоқда.
Тожикистон ИИВнинг хабар беришича, Касиров олдин ҳам қўшхотинлик ва вояга етмаганларга нисбатан бузғунчилик ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.
“Ахбори ВКД” (“ИИВ янгиликлари”) дастури телерепортажида Давлатманд Касиров 12 ёшли қизча билан шаръий никоҳ ўқитганини тан олади, аммо бу эътироф қандай шароитда олингани номаълум. Озодлик радиоси Хожи Давлат билан ҳам, унинг адвокати билан ҳам боғлана олмаган.
12 ёшли қизчанинг онаси А.Б. нинг Озодлик радиосига гапириб беришича, ҳаммаси коронавирус пандемияси сабабли пойтахтда гўзаллик салонлари ёпилиши ва у ишини йўқотгани билан бошланди. «Биз Давлатманд Касировга тегишли квартирани ижарага олдик. Ижара учун 700 сомоний тўлардик. Мен ишдан айрилгач, Касиров илтимосига кўра, уларнинг дўконида иш бошладим. Иш учун маҳсулотлар олардим. Вояга етмаган қизим Хожи Давлатнинг хотинига хўжалик ишларида ёрдамлашарди. Бир куни кичик қизим югириб келиб Хожи унинг опасини, яъни 12 ёшли қизимни калтаклаётганини хабар қилди. Мен эркакдан бунинг сабабини сўрадим. «Ишинг бўлмасин, у менинг қонуний хотиним», деб жавоб қайтариши билан Хожи Давлат мени ҳайратга солди», ҳикоя қилади А.Б.
Аёл шунингдек, 15 йил илгари турмушга чиққанини, лекин ҳозир ажрашгани, бир ўзи уч нафар болани тарбиялаётганини хабар қилди.
И.Н. исмли вояга етмаган қизнинг ўзи (этика нуқтаи назардан исмини келтирмаймиз) Хожи Давлат қармоғига қандай тушиб қолгани ва нега онасига бу ҳақда айтмаганини гапириб берди. “У мендан бир неча марта сўради: "Менга турмушга чиқасанми?” Мен ҳеч нарсани тушунмадим. Сўнгра унинг хотини мендан “ҳа” деб жавоб қайтаришни сўради. Мен ҳам “ҳа” деб қўя қолдим. Тунда эса у мени унинг ва хотинининг ёнида ётишга мажбурлади. Мен бош тортдим ва у мени шапалоғи билан уриб, бўға бошлади. Хожи ва унинг хотини кимгадир оғзимдан гуллаб қўйсам, мени ўлдиришлари билан огоҳлантиришди”.
ОАВ 46 ёшли эркакнинг 12 ёшли қиз билан никоҳи ҳақида хабар қилгандан кейин, "Ташабусси ҳуқуқӣ" («Ҳуқуқий ташаббус») жамоат фонди ва "Корвони умед" («Умид карвони») ташкилоти аёл ва унинг қизини адвокат билан таъминлашди. Ташкилот ходимаси Мутриба Алижонованинг хабар қилишича, адвокат жиноий иш билан танишиб чиққан, қизга психолог ёрдам кўрсатмоқда. Унга кўра, охирги ойда бу зўрлаш ва вояга етмаган қизларга нисбатан бузуқчилик ҳаракати билан боғлиқ тўртинчи ҳодиса.
2011 йилда Тожикистонда никоҳ ёши – 18 ёш этиб қонунан белгилаб қўйилган.