Ссылки доступа

Қозоғистон собиқ президентининг набираси Айсултан Назарбаевнинг вафоти ҳақида хабар тарқатилди


Қозоғистон ахборот агентлиги 16 август куни собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг набираси ва Қозоғистон парламенти сенати собиқ спикери Дариға Назарбоеванинг ўғли Айсултан Назарбоевнинг ўлими ҳақида хабар тарқатди.

Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, Айсултан Назарбоев «бугун кечқурун Лондонда вафот этди». «Ўлим сабаби ўрганилмоқда. Дастабки тахминларга кўра — унинг юрак уриши тўхтаб қолган. Бошқа тафсилотлар маълум эмас», — дейилади нашр хабарида.

Дариға Назарбоева ўғлининг ўлимини тасдиқлади. "Оиламиз севимли Айсултаннинг вафотидан чуқур қайғуда, биз учун оғир дамларда жамоатчилик бизнинг йўқотишимизга тушуниш ва ҳурмат билан муносабатда бўлишларига умид қиламиз", – деди Дариға.

ҚазТАГ ахборот агентлиги ўз номини ошкор қилмаган айрим манбаларларга таянган ҳолда дафн маросими 17 август куни Олмаотада бўлиб ўтишини ёзди.

29 ёшли Айсултан Назарбоев —Нурсултон Назарбоевнинг катта қизи Дариға Назарбоева ва биринчи президентнинг қувғиндаги куёви, 2015 йил Австрия қамоқхонасида осилган ҳолда топилган, марҳум (расмий версияга кўра у ўз жонига қасд қилган) Рахат Алиевнинг иккинчи ўғлидир.

Буюк Британиядаги «Сандхерст» қуруқликдаги қўшинлар Қироллик ҳарбий академиясини тамомлаганидан сўнг Айсултан Қозоғистонга қайтди ва мамлакат Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасига ишга қабул қилинди. 2017 йилда етти ой муддат Қозоғистон футбол федерацияси вице-президенти вазифасини бажарувчи лавозимида ишлади. 26 август куни у 30 ёшга тўларди.

2019 йил октябрида Айсултан Назарбоев Лондон суди томонидан ўша йилнинг июнида Британия пойтахтида полиция ходимига қилган ҳужуми учун ҳукм қилинди. Суд уни полицияга қаршилик кўрсатишда ва зобитга ҳужум қилганликда айбдор деб топди, суд материалида қайд қилинишича, Қозоғистон собиқ президентининг набираси наркотиклар таъсирида полиция ходимини урган ва қўлини тишлаб олган. Суд унга нисбатан шартли муддат берди, ҳамда гиёҳванд моддалар мубталолигидан даволанишда давом этаверишини мажбурий қилиб қўйди ва жарима тўлашни юклади.

Шу йил бошларида маълум муддатли танаффусдан сўнг Айсултон Назарбоевнинг facebook-аккаунтида постлар пайдо бўла бошлади. Муаллиф “қамоқда бўлгани” ва “қариндошлари билан кўплаб муаммолар юзага келгани” ҳақида ёзди. Кейинроқ, у гиёҳвандликдан тузалиш учун Британиядаги хусусий Priory клиникасида даволанганини ёзди.

Қозоғистон журналистларига берган интервьюларидан бирида у ҳаёти хавф остида эканлигини маълум қилди. 13 феврал куни у Facebook’да бошпана сўраб Буюк Британияга мурожаат қилганлигини ёзди. Айсултан Назарбоев постларидан бирида мамлакатдаги нуфузли оила ичкарисидаги коррупция схемаларидан хабарбдор эканини ва ўзига нисбатан оила томонидан босимлар бўлаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўша вақтда Ахборот ва жамоат тараққиёти вазири бўлган Даурен Абаев унинг иддаоларни инкор қилган ва Айсултан Назарбоевнинг facebook-аккаунтидаги постлар «маълум бир одамларнинг манипуляциялари остида» ёзилганини билдирган эди. Ўшанда Айсултан Назарбоевнинг сўзларига илк расмий муносабат билдирган Абаев бу постларни биринчи президентни «қабиҳларча обрўсизлантиришга уриниш»сифатида таърифлаган эди.

XS
SM
MD
LG