Ссылки доступа

Бишкекдаги мактабда “директор овқатига” пул йиғилгани эълон қилинди


Бишкек ҳокимияти 54 сонли мактабда ноқонуний пул йиғилганини эълон қилди. Қонунбузарлик ҳақида ўқувчиларнинг ота-оналари хабар қилишди, дея маълум қилади муниципалитет матбуот хизмати.

Пойтахт ҳокимияти таълим бошқармаси ушбу факт юзасидан ўз текширувини ўтказди. “Директор овқатланишига ва бошқа харажатларга” баҳонаси билан ноқонуний пул йиққан ўқитувчи ишдан ҳайдалди. Мактаб директори И. А. Борисовага пул йиғимларига қўйилган таъқиқни бузгани учун ҳайфсан эълон қилинди. Энди таълим бошқармасида директорни мансабидан олиш масаласини кўришмоқчи.

2019 йилнинг октябрида Фан ва таълим вазирлиги мактабнинг маъмурий ходимлари ва педагогик жамоага ўқувчиларнинг ота-оналаридан ҳар қандай пул воситалари йиғишни таъқиқловчи буйруқни чиқарган эди.
Мактаблар вакилларига шунингдек, молиявий масалаларни кўриб чиқиш чоғида васийлик кенгашлари ва ота-оналар қўмиталарининг ишида иштирок этиш таъқиқланди.

Кейинги йилларда Қирғизистонда ўқувчиларнинг ота-оналаридан мактабнинг турли харажатлари учун пул йиғилаётганидан норозиликлар кўпайиб кетди. 2019 йилнинг 13 сентябрида Сокулук туманининг ҳарбий-Антоновка қишлоғида ўқувчиларнинг 50 дан зиёд ота-онаси митингга чиқди. 2019 йилнинг апрелида айни шу туманнинг Новопавловка қишлоғи аҳолиси шунга ўхшаш акция ўтказиб, мактаб фондидан сарфланган ҳаражатларнинг ҳисоботини талаб қилишди. Кейинроқ улар Жокоргу Кенаш биноси олдида пикет уюштиришганидан сўнг маҳаллий мактаб директори алмашган эди.

XS
SM
MD
LG