Ссылки доступа

Туркман президенти МДҲ бўйича ҳамкасбни табрикламаган ягона етакчи


Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов МДҲ раҳбарлари ичида белорусиялик ҳамкасби Лукашенкони сайловлардаги «ғалабаси» билан табрикламаган ягона раҳбар бўлиб қолмоқда.

Россиялик журналист Аркадий Дубновнинг фикрича, туркман президентининг белорусиялик ҳамкасбини табриклашга шошмаётганига туркман ва белорус етакчилари ўртасидаги кенг қамровли молиявий баҳс сабаб бўлган.

Икки президент ўртасидаги келишмовчиликка Гарлиқда белорус компаниялари томонидан қурилган ўғит ишлаб чиқарувчи заводнинг кутилган натижа бермагани сабаб бўлди.

2009 йил ёзида қурилиши бошланган қиймати 1,1 миллиард долларга тенг «Гарлық» заводи 2017 йил мартида ишга туширилган эди.

Ўшанда туркман ОАВ, Туркманистон Хитой ва Ҳиндистонга 1,2 миллион тонна ўғит экспорт қилишини режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди.

Туркманистон расмий маълумотларига кўра, 2018 йил январдан сентябрга қадар Гарлық заводида 24,2 минг тонна калий ўғити ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич завод қувватининг 2% га яқинини ташкил қилади.

Бироқ кейинроқ туркман ОАВ белорус ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги турли хабарларга қарамай заводдаги вазият ва ишлаб чиқариш режалари ҳақида маълумот бериш зарур эмас деган фикрга келди.

XS
SM
MD
LG