Расмий маълумотларга қараганда, 1 август куни маиший газ портлаши оқибатида 31 ёшли Тожикистон фуқароси Наргис Жўраева танасининг 80 фоизи куйган. Аммо қочқинлар лагерида бўлган айрим тожик аёлларнинг айтишларича, аёл тушкунлик кайфиятида бўлгани боис ўз жонига қасд қилган. Аммо, шуни айтиш керакки, ҳодиса вақтида аёлнинг ёнида юртдошларидан ҳеч ким бўлмаган.
«Наргиснинг фарзандлари йўқ эди, сўнгги вақтларда у толиқандек кўринарди, у тушкунликка тушгани боис ўз жонига қасд қилган бўлиши ҳам мумкин», деди Радио Озоди билан суҳбатда қочқинлар лагерида бўлган аёллардан бири.
Унинг сўзларига қараганда, Ар-Рождаги вазият жуда ҳам мураккаб. «Биз икки йилдан бери оғир аҳволдамиз. Аёлларни эрлари алдов йўли билан бу ерга олиб келган. Расмийлар бизларни Тожикистонга қайтаришга ваъда бермоқда, аммо сўздан нарига ўтилмаяпти», - дейди суҳбатдошимиз.
Тожикистоннинг Қувайт ва Ироқдаги элчиси Зубайдулло Зубайдзоданинг 17 август куни айтишича, маиший газ Наргис Жўраева овқат тайёрлаётган бир вақтда портлаган. Сурия-Туркия чегараси яқинидаги худудларни назорат қилаётган курд жангчилари Тожикистон фуқароси бўлмиш аёлнинг ўлими бахтсиз ҳодиса эканлигини дипломатга тасдиқладилар.
Элчининг айтишича, коронавирус эпидемияси боис чегараларнинг ёпилиши туфайли Суриядаги лагерларда ушлаб турилган Тожикистон фуқароларини юртга қайтаришнинг имкони бўлмаяпти. «Биз фуқароларимиз - аёллар ва болаларнинг рўйхатини тузиб чиқдик, ҳамда Сурия ҳукуматига бердик, аммо уларни юртга қайтариш амалиётига пандемия ҳалақит берди. Чегаралар очилганидан кейин улар уйларига қайтишларига ишонаман», дея таъкидлади Зубайдзода.
Сурия-Туркия чегарасидаги Ар-Рож қочқинлар лагерида Тожикистондан 7 нафар аёл ва 17 нафар бола бор. Тожикистонлик аёл ва болаларннинг катта қисми – 500га яқини– курд жангчилари назорат қиладиган Ал-Хасакия вилоятидаги Ал-Ҳол қочқинлар лагерида истиқомат қилишади. Қочқинлар лагери БМТ томонидан молиялаштирилади.
Бундан аввалроқ Суриядаги қочқинлар лагерларида бир неча йил аввал айрим мамлакатларда фаолияти тақиқланган “Ислом Давлати” гурухи жангарилари сафига қўшилиш мақсадида Тожикистондан келган жангариларнинг оила аъзоларидан камида 575 нафар хотин-қизлар ва болалар борлиги айтилган эди.
«Улардан тахминан 90 нафари аёллар, 200 дан ортиғи қизлар ва 240дан ортиғи ўғил болалардир. Болалар 1 ёшдан 17 ёшгача. Бу якуний статистика эмас, аслида бу ердаги Тожикистон фуқароларининг сони анча кўп», – деган эди аввалроқ Радио Озодига мамлакат ҳукуматидаги манба.
Тахминий маълумотларга қараганда, сўнгги бир неча йил мобайнида 1,9 мингга яқин Тожикистон фуқароси Сурия ва Ироқдаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадида мамлакатни тарк этган. Уларнинг кўпчилиги бу ерга оиласини олиб келган, жангариларнинг вафотидан сўнг кўплаб аёллар ва болалар шу мамлакатларда қолиб кетди. Ироқда жангариларнинг рафиқалари жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин, Сурияда улар расман таъқиб қилинмайди, аммо ҳужжатларидаги муаммолар туфайли уларнинг ватанга қайтишларида қийинчиликлар пайдо бўлган.
Ўтган йилнинг апрел ойи сўнгида Душанбега Бағдоддан махсус рейс билан 84 нафар бола қайтарилди.Уларнинг оталари ИД томонида туриб жанг қилган.