Ссылки доступа

COVID-19: Туркман бюджет ходимлари яна ўз ҳисобларидан диспансеризациядан ўтиши керак


Пойтахт маъмурияти коммунал хўжалик бошқармасига тегишли «Ашхабадтепло» трести ходимлари қайтадан тиббиёт кўригидан ўтишга мажбур қилинмоқда. Тиббий кўрик вақтида ижтимоий масофа сақланмаяпти.

Бу ҳақда 17 август куни Озодлик радиоси мухбири маълум қилди.

Туркманистон расмийлари мамлакатда коронавирус мавжудлигини инкор қилаётган бир вақтда Ашхободда бюджет ходимларини оммавий равишда тиббий кўрикдан ўтишга мажбурлашмоқда. Озодлик радиосининг Ашхободдаги мухбирининг айтишича, кўплаб бюджет ходимлари «тиббий кўрикдан ўтмаслик учун пора бермоқда». Унинг қўшимча қилишича, расмийлар шу ойда тиббий кўрикни қайтадан ўтказишга қарор қилди.

Мухбирнинг хабар қилишича, 10 августдан Пойтахт маъмурияти коммунал хўжалик бошқармасига тегишли «Ашхабадтепло» трести ходимлари қайтадан тиббий кўрикдан ўтишга мажбур бўлди ва улардан саломатликлари тўғрисида «№146 форма»даги маълумотнома тақдим қилиш талаб қилинмоқда.

«Шу тариқа соғлом ходимларнинг вирусга чалиниши учун қўшимча шарит яратилди, Туркманистонда вирус йўқ», дея таъкидлайди мухбир тиббий кўрик вақтида эҳтиёт чораларига амал қилинмаётганини таъкидлар экан.

Тиббиёт суғуртасига эга бўлмиш ходимлар бу кўрик учун 17 манат (МБ курси бўйича $4,8) тўладилар, тиббиёт суғуртаси бўлмаганлар эса 33 манат ($9,4) тўлашга мажбур бўлди.

Бу йил бир синфда ўқишни бошлайдиган ўқувчиларнинг ҳам тиббий кўрикдан ўтиши мажбурий қилиб қўйилди. «Биринчи синф ўқувчиларининг ота-оналари мактаб очилгунга қадар фарзандларининг қулоғи, бурни ва томоғи кўрикдан ўтгани борасида шифокордан маълумотнома олиб келиши керак. Маълумотнома санаси 28 августдан олдин бўлмаслиги лозим», дейди мухбир.

Шу билан бирга, 15 август куни Ашхободдаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларни олиб келиш учун вилоят марказлари (Дашоғуз, Мари, Туркманобод ва Туркменбаши)дан поезд қатновлари амалга оширилди. Аммо поездлар Ашхободдга етиб келмасдан ярим йўлда тўхтатилди, дея хабар беради мухбир. Ашхобод яқинида талабалар туширилди, ҳарорати ўлчанди ва ётоқхоналарга икки ҳафталик карантинга жойлаштирилдилар.

XS
SM
MD
LG