Ссылки доступа

Тожикистонда “Мусулмон биродарлар”нинг 20 нафар эҳтимолий тарафдорларига ҳукм чиқарилди


Сўғд вилоят суди «Мусулмон Биродарлар» ташкилотининг эҳтимолий аъзолигида айбланган жиноий иш бўйича 20 кишига нисбатан ҳукм чиқарди.

Ҳукм қилинганлар орасида – Исфара маъмурияти ижроия аппарати раҳбари ҳам бор. Уларнинг ҳар бири колонияда 5 йилдан 7 йилгача жазони ўтайди, дея хабар қилинди судда. Ҳукм қилинганларнинг қариндошлари баёнот бериб суд ҳукмига қарши эканликларини ва юқори инстанцияларга шикоят қилишларини айтишди.

Судья Анваржон Абдуғаффорийнинг 18 август куни Радио Озодига айтишича, суд ҳукми ўтган ҳафтада чиқарилган. «Ҳибсга олинганларга нисбатан ТР Жиноят Кодексининг 307.3 («Экстремистик ташкилот фаолиятини ташкиллаштириш») моддаси бўйича жиноий иш очилган. Улар 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилинди. Улардан бири жиноят ҳақида маълумот бермагани учун жаримага тортилди», дея таъкидлади судья.

Унинг айтишича, бу иш бўйича тафсилотлар ҳукм қонунан кучга киргандан сўнг эълон қилинади.

“Мусулмон Биродарлар” ташкилоти аъзолигида айбланган 20 киши устидан суд Хўжанддаги тергов изоляторида бўлиб ўтди. Ҳукм ўқилаётганда суд залига қариндошлари ва журналистларни киритишмади. Ҳозирча қўлга олинганлар ўзларига қўйилган айбга иқрор бўлганликлари ёки бўлмаганликлари аниқ эмас. Бироқ, ҳукм қилинганлардан бирининг қариндоши Радио Озоди билан суҳбатда қариндошлар чиқарилган ҳукмга рози эмасликларини ва юқори инстанцияларга шикоят қилишларини айтди. "Уларнинг ҳаммаси олий таълим олган дунёвий кишилардир, уларни диний -экстремистик ташкилот аъзолигида айблашди, шунинг ўзиёқ абсурддир", дейди суҳбатдош.

Ҳукм қилинган “Мусулмон Биродарлар” тарафдорларининг исм шарифи эълон қилинмади. Сўғд вилоят суди ҳукм қилинганлар орасида Исфара маъмурияти ижроия аппарати собиқ раҳбари Фирдавс Раҳимзода борлигини тасдиқлади.

“Мусулмон Биродарлар”га алоқадорликда гумон қилинганларни ушлаш январда бошланди. Бош прокуратура маълумотига кўра, 113 киши қўлга олинган. Ҳуқуқ тартибот идораларидаги манбаларнинг баёнот беришларича, Тожикистонда ислом давлати тузишни мақсад қилган фаолияти тақиқланган ташкилот тармоғи фош қилинган. Гумондорлар орасида турли касб эгалари, жумладан Олий ўқув даргоҳи ходимлари, талабалар, тадбиркорлар ва давлат хизматчилари бор.

Ўтган ойда Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон Олий судда кўриб чиқилаётган “Мусулмон Биродарлар” тарафдорларига нисбатан очилган жиноий иш бўйича аввал айтилганидек, 116 киши эмас, балки 132 киши судланувчилар ўриндиғида ўтирганини айтган эди. Судланувчилар ТР Жиноят Кодексининг тўртта моддаси бўйича, жумладан терроризм ва экстремистик руҳдаги тўдани молиялаштиришдаайбланмоқда. Уларнинг ҳар бирига турлича моддалар қўйилган, жумладан 15 киши жиноят ҳақида хабар бермаганлик ёки жиноятни яширишда айбланмоқда. Бундан ташқари, Бош прокуратура маълумотларига қараганда, ташкилотнинг Тожикистон фуқаролари бўлмиш 72 нафар тарафдорига нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган.

Аввалроқ, ҳуқуқ ҳимоячилари ушланганлар адвокатлар билан таъминланмагани, расмийлар улар билан қариндошлари ва яқинларини учраштирмаганидан ўз хавотирларини билдирган эди.

«Мусулмон Биродарлар» – диний-сиёсий ташкилот бўлиб Мисрда XX аср биринчи ярмида ташкил топган. Айрим мамлакатларда ошкора фаолият юритади, бошқа мамлакатларда (жумладан Мисрда) террор ташкилоти дея эълон қилинган ва фаолияти тақиқланган. 2006 йилда Тожикистон Олий суди қарорига биноан “Мусулмон Биродарлар” мамлакатда фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилди.

XS
SM
MD
LG